
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (OSAGO) бўйича компенсация миқдорини икки баравар оширишни таклиф қилмоқда.
Май ойи охирида ИЛМА транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифи миқдори қайта кўриб чиқилаётганини, бунинг учун таклифлар қабул қилинаётганини эълон қилди.
Регулятор йил давомида суғурта товонини тўлаш кечиктирилганлиги ва етказилган зарарни қоплаш учун тўловнинг энг юқори миқдори етарли бўлмаганлиги учун фуқаролар мурожаатлари кескин ошганини қайд этди — 2 700та шикоят ёки уларнинг 50%дан ортиғи.
Жаҳон банки статистикасига кўра, Ўзбекистонда сўнгги беш йилда истеъмол нархлари индекси 160%га, энг кам иш ҳақи 265%га, базавий ҳисоб-китоб қиймати эса 168%га ошган. Натижада автомобиллар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи қисмлари, шунингдек, таъмирлаш хизматлари нархлари ошиши кузатилмоқда.
Масалан, “UzAuto Motors” автомобиллари таннархининг ошиши ўртача 154,5%ни ташкил этди. Ўтган йили хорижий автомобиллар импорти 2,4 бараварга ошиб, 73 минг донага етди. Шу билан бирга, четдан олиб келинаётган автомобилнинг ўртача нархи 300 млн сўмдан ошди.
Агентликнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда суғурта суммаси ва суғурта мукофоти қўшни давлатлар, жумладан, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжонга нисбатан энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Ўзбекистон Актуарийлар жамияти таклифларини инобатга олган ҳолда, ИЛМА OSAGO бўйича суғурта суммаси миқдорини 40 млн сўмдан 80 млн сўмгача оширишни таклиф қилмоқда. Аксарият ҳолларда, таклиф қилинган миқдор бюджет сегментидаги автомобиллар учун етказилган зарарни қоплашга етарли бўлади, дея қайд этади регулятор.
Ҳужжат қабул қилинса, енгил автомобиллар, юк машиналари, автобус ва микроавтобуслар, трамвайлар, мототцикл ва скутерлар, тракторлар, ўзиюрар қурилиш машиналари ва бошқалар учун OSAGO тариф ставкалари ўзгаради.