ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Хуфиёна бозор: “click” қилиб юборинг

Бугун ахборот коммуникация технологиялари ривожланиб бормоқда. Замонавий тўлов тизимлари эса оғиримизни енгил қилмоқда.

Шундан тизимлардан бири click тўлов туридир. Бу коммунал-хўжалик, телекоммуникация, йўл-транспорт ва бошқа соҳалар билан боғлиқ барча масалаларни масофавий ҳал этишда қулайлик яратади.

Бироқ бу қулайликлардан айрим ишбилармон “тадбиркорлар” ғаразли мақсадларда фойдаланиб қолмоқда. Улар ўз маблағларини банкдан ташқари айлантириб, давлат олдидаги масъулияти, қонун олдидаги бурчларини унутиб, даромадларини яширишга, солиқлардан қочишга, шундай хуфиёна йўллар билан бойлик орттиришга уринмоқда.

Пул муомаласи механизмларини янада такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини кенгайтириш, банкдан ташқари муомалани қисқартириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олишда қандай ишлар амалга ошириляпти, тадбиркорларнинг шаффоф тизимда ишлаши учун соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам бериляптими?

— Савдо нуқталарини ўрганиб, тадбиркорлик субъектлари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб боряпмиз, — дейди Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекцияси катта инспектори Азамат Баҳодиров. — Агар харидорлар томонидан чек бермаслик ҳолати учун давлат солиқ органларига мурожаатлар келиб тушса, мазкур солиқ тўловчи билан қисқа муддатли текширув ўтказилади. Борди-ю фуқаронинг мурожаати ўз тасдиғини топса, солиқ тўловчига нисбатан молиявий жарима қўлланилади. Кўплаб савдо нуқталарида мижозлар эътиборига харид учун тўловни “click” орқали амалга ошириш мумкинлиги қайд қилиб қўйилган эълонлар олиб ташланди.

Маълумотларга кўра, мамлакатда хуфиёна иқтисодиёт ҳажми миллий иқтисодиётнинг 45 фоизини ташкил этар экан. Хуфиёна иқтисодиёт давлат ҳисоби ва назоратидан ташқарида ривожланадиган ва шу сабабдан расмий статистикада акс этмайдиган хўжалик фаолияти саналади. Хуфиёна иқтисодиёт жуда кенг бўлиб, буни жиноий фаолиятнинг энг йиригидан (масалан, наркобизнес) олинадиган катта даромадлардан то тузатилган жўмрак учун устани бир шиша ароқ билан “мукофотлаш”гача бўлган жараёнларда кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида, хуфиёна иқтисодиётни бартараф этиш учун, энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билиши билан бир қаторда, унга риоя қилишлари ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиб, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозим. Харидорлар “click” қилиб юборинг, деган талабни бажармаса, бу энг тўғри йўл бўлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan