САЛОМАТЛИК

Тез ёрдам

 

Тез ёрдамнинг сиренасини эшитган бўлсангиз керак. У беморга тез ва биринчи ёрдам кўрсатиш учун кенг кўчага шовқин солиб, елиб-югуради. Шуни унутмангки, баъзи ҳолларда шошиб-пишиб келаётган ана шу каттакон машина етиб келгунча энг биринчи ёрдамни ўзингиз ҳам эплашингиз мумкин. Масалан, терининг турли даражадаги, хусусан, енгил  шикастланишида қуйидаги кичик муолажаларни дарҳол бажариш лозим.

Терининг тимдаланиши, қирилиши, тилиниши каби жароҳатлар тоза совуқ сув билан ювилади. Сўнгра атрофига йод эритмаси ёки яшилдори суртиб, стерилланган бинт билан боғлаб қўйилади. Агар жароҳат каттароқ бўлса юқоридаги биринчи ёрдам берилгандан сўнг жарроҳ ёки травматолог шифокорга мурожаат қилиниши керак.

Терининг турли соҳаларидан қон кетганда биринчи ёрдам. Тана терисининг бош, пешана, чакка, юз, гавда соҳалари жароҳатланганда қон кетишини тўхтатиш учун қон оқаётган томирни топиб, уни бармоқ билан қаттиқ босиб туриш керак (10-15 дақиқа). Сўнг босиб турилган бармоқ устидан совуқ сувга ҳўлланган сочиқ ёки рўмол қўйилади; қон оқиши тўхтагандан кейин жароҳат юқорида кўрсатилган тартибда тозаланади ва боғлаб қўйилади. Агар қон кетиши 10-15 дақиқа давомида тўхтамаса тез ёрдам чақирилади ёки томирни бармоқ билан босган ҳолда жароҳатланган одам жарроҳ ёки травматологга юборилади.

Тери куйганда биринчи ёрдам. Бундай ҳолларда терининг куйган жойига тезлик билан тоза совуқ сув қуйилади. Қўл ёки оёқ териси куйган бўлса 2-3 дақиқа оқар сув тагида тутиб турилади. Агар тери фақат қизарган бўлса шу жойга одеколон суртиб қўйса бўлади, боғлаш шарт эмас. Терининг куйган жойида пуфакчалар пайдо бўлганда совуқ сув билан ювилгандан кейин ёрилмаган пуфакчалар атрофига спирт ёки одеколон суртилгач, стерилланган бинт билан бўшгина боғланади.

Иссиқ ва офтоб урганда биринчи ёрдам. Одам дим хонада бўлганида, ҳаммомда узоқ вақт ювинганда, ёз кунлари очиқ ҳавода ишлаганда  иссиқ уриши мумкин. Унинг белгилари тана қизиши, тери қизариши, кўп терлаш, умумий қувватсизлик, бош айланиши, кўнгил айниши, юрак ўйнаши, нафас қисиши каби ҳолатларда кузатилади. Айниқса ёш болалар тана ҳарорати кўтарилиб, ҳушидан кетади ёки тиришиб қолади. Бундай ҳодисаларда беморни зудлик билан салқин жойга ўтказиш керак бўлади. Хонанинг деразаларини очиб, ҳавосини янгилаш, беморнинг бошини паст, оёқларини бир оз баланд қилиб ётқизиш, сочиқни совуқ сувда ҳўллаб, бошга қўйиш фойдали. Совуқ сувда ҳўлланган сочиқ ёки докани елка, билак, қўлтиқ, сон, тиззаости соҳаларига ҳам қўйиш керак. Беморнинг умумий ҳолатига қараб унинг устидан совуқроқ сув қуйиш мумкин. Кўпроқ совуқ чой ва минерал сув ичирилади.

Совқотганда ва совуқ урганда биринчи ёрдам. Узоқ вақт давомида совуқ ҳавода юриш натижасида ҳар қандай одамни совуқ уриши мумкин. Терини совуқ урганда шу жой юмшоқ жун рўмол ёки бошқа иссиқ ва майин мато билан ишқалаб иситилади.

Тери гўзаллик ва соғлик ойнаси ҳисобланади. Йиллар ўтиб хунук асорат қолмаслиги учун турли жароҳатларда энг биринчи ёрдамни кўрсатишни унутмаслик лозим.

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.