САЛОМАТЛИК

Томоқ оғриғи ва даволаш усуллари

Ҳалқум, бўғиз ёки трахея шиллиқ қаватида яллиғланиш ва шиш — томоқда оғриқ пайдо бўлишининг асосий сабабчиси. Шиллиқ қават ва бодомсимон без ҳажми икки марта катталашади ва сиз ютинишда муаммоларга дуч келасиз. Асаб рецепторлари қўзғалиши эса терлаш ҳисси ва бошқа ноқулайликлар туғдиради. Томоғингиз бўғилдими? Дориларга югуришга шошилманг.

Томоқ оғриғи шамоллашнинг энг кўп тарқалган аломатларидан биридир. Ушбу симптом кенг кўламдаги сезгиларга эга — томоқнинг енгил қизишидан тортиб то ютинишни қийинлаштирадиган кучли ноқулайликкача. Аксарият ҳолларда, ушбу ҳолатлар юқори нафас йўллари яллиғланишига олиб келадиган ва ўзига хос даволаш курсини талаб қилмайдиган вирусли инфекциялар билан зарарланиш натижасидир. Ҳозирча шамоллашни келтириб чиқарувчи вирусларга нисбатан (грипп вируси бундан мустасно) муваффақиятли таъсир кўрсата оладиган воситалар мавжуд эмас. Аммо инсон организми бу вазифани аъло даражада бажара олади ва касаллик жараёнида вирусларни самарали йўқ қилувчи махсус оқсил-антителалар ишлаб чиқаради.

Шунинг учун ҳам касалликнинг енгил ҳолатларида шифокор қабулига шошилишнинг зарурати йўқ. Мутахассис сизнинг соғайишингизга ёрдам бера олмайди — организм 3-10 кун (баъзида индивидуал аломатлар икки ҳафтагача пайдо бўлиши мумкин) ичида шамоллашни енгиб, ҳаммасини ўзи бажаради. Дори воситалари бозоридаги иммуномодулятор ва иммуностимуляторларга келсак, улардаги самарадорлик ўз тасдиғини топмади, демакки, инсон саломатлиги тикланишини тезлаштиришга қодир эмас деб топилмоқда, шунинг учун шамоллашдаги барча даволаш усуллари симптомларни йўқ қилиш ва касаллик кечишини енгиллаштиришга олиб келади — масалан, томоқдаги оғриқни босишга.

Тезроқ тузалиш учун қандай йўл тутиш керак?

Ҳар қандай шамоллаш турига тааллуқли бўлган умумий қоида етарли миқдорда суюқлик қабул қилишдир. Бу организмнинг заҳарли моддалар, яъни токсинлар билан зарарланишини камайтиради ва енгилган вирусларни чиқариб юборишни тезлаштиради. Томоқдаги оғриқни енгиллаштириш учун иссиқ ва совуқ ичимликларни бирдек тез-тез истеъмол қилиш зарур. Масалан, совуқ шарбат ёки яхдан тушган музқаймоқ шиш ва ҳалқумдаги яллиғланишни камайтириши ҳисобига оғриқни босувчи самара беради (бир бўлак муз сўриш ҳам муқобил таъсирга эга). Аммо антисептик ёки антибактериал дорили пастилалар қабул қилиш, катта эҳтимол билан, ортиқча — бу каби воситаларнинг таъсири фақат юзаки бўлиб, соғайиш жараёнини тезлаштиролмайди, обакиларни сўриш сўлак туфайли томоқни юмшатиши мумкин, холос.

Кучли ноқулайликда — касаллик сабабли ишчанлигингиз сезиларли даражада пасайганда — оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши натижа берувчи дорилардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Хонадаги ҳаво намлигини етарли даражада (50 фоиздан кам бўлмаган) сақлаш ҳам муҳим ҳисобланади, масалан, ҳаво намлантиргичлари ёки иситиш батареяларига нам сочиқ қўйиш орқали бунинг уддасидан чиқиш мумкин.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan