САЛОМАТЛИК

Мутахассис: “Пақилдоқ”лар болаларни кўриш қобилиятидан бутунлай маҳрум қилиши мумкин

Инсон табиатан ўзига ҳам, яқинларига ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Айниқса, фарзандларини турли фалокатлардан узоқ тутади. Аммо Янги йил арафасида авж олаётган “пақилдоқ”лар мавсумида бунинг акси кузатилмоқда.

Отабек Икромов, Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори:

— Ҳар йили Янги йил арафасида ва байрамдан кейинги кунларда “пақилдоқ” ва салютлардан олинган жароҳатлар туфайли биргина бизнинг шифохонамизга юзга яқин оғир аҳволдаги беморлар мурожаат қилади.

Юз, қўл соҳаларида оғир куйиш, кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши кузатиладиган бундай болалар, афсуски, тегишли муолажалардан кейин ҳам қатор асоратлардан азият чекмоқда. Ҳатто беморлардан бир қисми лаҳзалик завқ учун умрбод ногиронликка маҳкум бўляпти.

Кўзнинг пиротехника воситалари таъсирида куйиши бир неча даражага бўлинади:

I даража(енгил куйиш)да кўз териси ва шиллиқ қавати қизариши, шишиши, эрозияланган юзалар шох пардада пайдо бўлиши кузатилади. Бу аломатлар кўриш қобилиятининг пасайишига олиб келади.

II даража(ўртача куйиш)да кўз шох пардаси ва конъюнктивасида пуфакчалар ҳамда шох парда юзасида хиралашиш пайдо бўлади .

III даража(оғир куйиш)да шох парданинг чуқур хиралашиши, қовоқлар некрози юз беради.

IV даража(ўта оғир куйиш) барча кўз тўқималарининг чуқур некрози билан кечади.

Шулардан келиб чиқиб, ота-оналар ва азиз фарзандларимизни яна бир бор огоҳликка чақирамиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan