ДУНЁ

Филиппинда сув тошқинлари оқибатида 25 киши ҳалок бўлди

Филиппинда кучли ёмғир сабаб юзага келган сув тошқинлари оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, 26 киши бедарак йўқолди. Хавфларнинг олдини олиш ва табиий офатларни бартараф этиш бўйича миллий кенгашнинг 28 декабрь куни эълон қилган ҳисоботида таъкидланишича, сув тошқини республиканинг 10 та вилоятида 393 мингдан ортиқ кишига зарар етказган.

Кенгаш маълумотларига кўра, 292 та эвакуация марказида 81,4 минг киши кўчирилган. Камида 1,42 минг киши олдиндан огоҳлантириш билан уйини тарк этган. Айни пайтда тўққиз киши турли тан жароҳатлари олган. Республиканинг тўққизта вилоятида табиий офат билан боғлиқ 366 та ҳодиса, жумладан, сув тошқинлари ва кўчкилар қайд этилган.

Табиий офат 909 та уйга зарар етказди ва қиймати 11,7 миллион песо (210 минг доллар) бўлган 287 та бинони вайрон қилди. 32 та инфратузилма объектига етказилган зарар 20,8 миллион песо (373,3 минг доллар), қишлоқ хўжалигига етказилган зарар 65,9 миллион песо (1,17 миллион доллар)га баҳоланмоқда. Сув тошқинлари 123 та йўл ва 12 та кўприкни вайрон қилган, 15 та денгиз портига зарар етказган. 63 та шаҳарда электр таъминотида узилишлар қайд этилган, шундан 43 тасида таъминот тикланган, учта муниципалитетда эса сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.

67 та шаҳар ва 70 та муниципалитетда тегишли равишда таълим муассасаларида дарслар ва корхоналарда ишлаш тўхтатилди. Икки шаҳарда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Ҳукумат ёрдам учун 6,66 миллион песо (119,2 минг доллар) ажратди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan