ЖАМИЯТ

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги “Ярашув институти”

Мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари, инсонни қадр-қимматини улуғлаш, яшаш шаротини яхшилашга хизмат қилиб келмоқда. Бу вазифларни бажариш учун зарур ҳолларда амалдаги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Ўз навбатида қонунчиликдаги ўзгаришлар инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Маълумки, ярашганлик муносабати билан жазодан озод қилиш амалиёти 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига 66-1-моддаси сифатида киритилган эди. Бу институт амалиётда ўзини оқлади ва бугунги кунда ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Ярашганлик институти жорий қилиниши туфайли жуда кўп фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод этилди. Шу билан бирга, билиб-билмай жиноят содир қилган фуқаролар қонунчиликдаги бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзаро ярашиб, тўғри хулоса чиқармоқдалар.
Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади.
Синовдан ижобий ўтган мазкур амалиёт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда қўлланилмоқда.
2021 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-720-сон Қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонунга билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 21-2-модда билан тўлдирилди. Бу модда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш деб номланади.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши), 183-моддасида (майда безорилик) ҳамда 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Илгари тарафлар ярашган, ўзаро келишган, зарарлар қопланиб, ўртада адоват қолмаган ҳолатларда ҳам суд маъмурий жазога тортишга мажбур эди.
Ҳеч кимга сир эмаски, яқин қариндошлар эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар ўртасида ўзаро келишмовчилик рўй бериши ҳаётда учраб туради. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, шу вақтгача, фуқароларнинг мол-мулкига зиён етказиш билан боғлиқ бўлган ёхуд биринчи марта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан ўз вақтида жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарар қопланганида, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганида ҳамда жабрланувчи билан ярашган тақдирда ҳам унга нисбатан “Ярашув институти”ни қўллаган ҳолда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш механизми мавжуд бўлмаган. Табиийки, бу яқин инсонлар ўртасида адоват давом этишига, уларнинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўларди.
Эндиликда Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган тарафларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини судга юборади. Судда бу масала кўриб чиқилиб, тарафлар ярашганлиги исботланса тарафларни жазодан озод қилиб, ишни якунлайди.
Бироқ, ярашувга тушувчи ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этган шахс яна ярашув муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 10-1-банд билан тўлдирилди. Унга кўра, ҳуқуқбузар ярашув институти таъсир доирасига тушадиган ишлар бўйича жабрланувчи билан ярашган бўлса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши қайд этилди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш” деб номланган 23-1-боб билан тўлдирилди.
Ярашув тўғрисидаги аризани жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили иш ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин.
Аризада етказилган зарар бартараф этилгани, шунингдек ярашилганлиги муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш юритилишини тугатиш тўғрисидаги илтимос кўрсатилган бўлиши керак.
Агар ярашув ҳақидаги ариза иш биринчи инстанция судида суд муҳокамасидан ўтказилаётганда берилган бўлса, суд уни дарҳол кўриб чиқиши лозим.
Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.
Тарафлар ярашганлигини суд тасдиқлагандан кейин, жабрланувчи тараф иш юритишни қайта тиклаш ҳақида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотади.
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эътиборан уч кундан кечиктирмай ўтказилиши керак.
Суд мажлисида: ҳуқуқбузар, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари ва, агар ишда қатнашаётган бўлса, адвокат иштирок этади.
Ярашув ҳақидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жабрланувчининг ярашув ҳақидаги аризасини ўқиб эшиттириш билан бошланади.
Суд ярашувнинг ихтиёрийлиги ва унинг сабабларини, ҳуқуқбузар ўз айбига ихтиёрий равишда иқрор бўлганлигини, ўзи содир этган қилмишнинг оқибатларини англаганлигини ва етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўрган-кўрмаганлигини, жабрланувчига ёки ҳуқуқбузарга бирон-бир тазйиқ бўлган-бўлмаганлигини, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ масалаларни, ҳуқуқбузарнинг, жабрланувчининг ва уларнинг қонуний вакилларининг ярашувга розиликларини аниқлайди.
Шундан кейин, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, адвокатнинг фикрини эшитади.
Агар суд мажлиси давомида ярашув, айбга иқрор бўлиш ихтиёрий эмаслиги, зарарнинг ўрнини қоплашни рад этиш ҳоллари аниқлангудек бўлса, суд тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисидаги қарорни бекор қилади ва ишни умумий асосларда кўриб чиқади.
Бироқ, содир этилган қилмишда бошқа турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят таркиби белгилари мавжуд бўлса, суд ярашув муносабати билан юборилган қарорни бекор қилади ва ишни умумий асосларда кўриб чиқиш учун юборади.
Суднинг қарорига ҳуқуқбузар, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат томонидан шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.
Мазкур қонун изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми бўлиб, инсонпарварлик тамойили томон яна бир катта қадам бўлди.
Миллий ҳуқуқий тизимимизда низоларни ҳал қилишнинг янги механизмлари жорий қилинаётгани, жиноят қонунчилигида ярашув институти самарали қўлланилиб келинаётгани жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, инсонпарварлик тамойилини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Отабек Каримов, Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan