Uncategorized ЎЗБЕКИСТОН

ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистонда миллий иммунизация тизимини ривожлантириш учун 2150 та компьютер жамланмаси тақдим қилинди

Жорий йил март ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ томонидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган 102,5 миллион АҚШ долларилик «Йўл харитаси» имзоланган эди.

Бугун ушбу ҳамкорлик доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигига мамлакатимизда миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш ва соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 2150 та замонавий компьютер жамланмалари топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мамедзаде, вазирлик масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тақдим этилган ушбу компьютер воситаларининг умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Мазкур маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида ажратилди.

Ушбу замонавий компьютер воситалари мамлакатимизда самарали вакцина ва иммунизация бошқарувини мустаҳкамлаш, бирламчи тиббиёт муассасаларида соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришнинг функционал ахборот тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур жиҳозлар юртимиздаги мавжуд барча эмлаш пунктлари ва бирламчи тиббиёт муассасаларига етказиб берилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan