Uncategorized

«Эзгулик» жамияти Отабек Сатторий ва Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизматининг хабар беришича, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги Миллий превентив механизмлар бўйича ишчи гуруҳи Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига сафар қилган. Гуруҳ таркибида Омбудсман вакиллари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳамда “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси вакиллари (фақат Зарафшондаги колонияда – Эзгулик) бўлган.

Учрашувларда иштирок этган “Эзгулик” жамияти раиси ўринбосари Бекзод Нурматовга кўра, Зарафшондаги колония 2200 кишига мўлжалланган. Ҳозирда бу ерда 684 нафар маҳкум жазо муддатларини ўтамоқда, уларнинг 27 таси диний радикал оқимларга мансубликда айбланган. Мазкур шаҳардаги 36-сонли манзил колония эса 450 кишини сиғдира олади. Бу ерда 272 нафар маҳкум бор.

Навоий вилоятининг Қизилтепа колонияси эса ўз бағридан Халқ артисти Озодбек Назарбеков, таниқли журналист Хайрулла Ҳамидовларни чиқарган, ҳозирда халқ орасида машҳур бўлган приамидачи Аҳмадбойни сақлаётган маскан. Бу колония 2200 кишига мўлжалланган, айни пайтда эса 1123 нафар маҳбус бор. Уларнинг 62 нафари диний экстремистик оқимларга мансуб.

Қаттиқ тартибли бу колонияда таниқли блоггер Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашилди. “Қамоқхона шароитидан шикоятим йўқ. Пластик цехида уста бўлиб ишлаяпман. Аммо суд ҳукмидан норозиман ва мен қамалишим керакмасди” дейди Фозилхўжа.

Колония маъмуриятига кўра, бу ерга диний уламо Аброр Мухтор Алий келиб маърузалар қилади.

Пирамидачи Аҳмадбой эса сангородда соғлиғини тикламоқда.

Навоий шаҳридаги 12-сонли қаттиқ тартибли колония эса 1600 кишилик, бу ерда ҳозирча 1070 маҳкум бор. 48 таси диндорлар. Мазкур шаҳардаги 4-сонли умумий тартибли колонияга эса 1800 сиғади. Ҳозирда бу ерда 1146 нафар маҳкум бор. Уларнинг 60 таси радикал оқимлар фаоллари бўлишган. Блоггер Акмал Шароипов ҳам шу ерда экан. Оиласи билан узоқ муддатли учрашувда экани сабабли у билан учрашишнинг имкони бўлмабди. У яқин 2 ой ичида озодликка чиқарилиши мумкин экан.

Мазкур колонияда блоггер Отабек Сатторий жазо муддатини ўтамоқда. У қурилиш молларига нақш босувчи цехда оператор. “Эзгулик” фаоли билан учрашувда ўзининг ноҳақ қамалгани, судларнинг адолатсизлигини таъкидлаган блоггер оилада ёлғиз боқувчи эканини, озодликка чиқиш учун курашаётгани ва фақат президент Мирзиёевга ишонишини таъкидлаган.

Мониторинг натижаларига кўра, қамохоналарнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ош-овқати сифатини яхшилишга уринилмоқда. Шикоятларнинг асосий қисми суд ҳукмларининг адолатсизлигидан. Энг ёмон кўрсаткич — маҳкумларнинг катта қисмини ёшларнинг ташкил қилишидир.

Қийноқ ва ноинсоний муомала турлари бўйича ҳозирча шикоят йўқ. Аммо айрим маҳкумлар бундай ҳолатларни Бухородаги колонияларда, Қаршидаги жазони ижро этиш муассасаларида эшитилаётгани ҳақида гапиришган. “Кўрамиз, у томонларга ҳам сафар режалаштириш ниятимиз бор” дейди гуруҳ аъзолари.

“Эзгулик” жазони ижро этиш муассасаларига сафарни ташкил қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари вакили идорасига миннатдорчилик билдиради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan