ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Самарқандда минг долларлик қабртошни ўғирлаган 3 нафар йигит ушланди

Самарқанд туманида 24 март куни уч нафар фуқаро қабртош ўғирлагани аниқланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.

Қайд этилишича, 6 апрель куни М.Р. (29 ёшли) Самарқанд тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда 23 мартдан 24 мартга ўтар кечаси Самарқанд тумани Ягона кўчасида жойлашган «Талибарзу» қабристони ҳудудида жойлашган ўзига тегишли «Гравит Травертине Мрамор» МЧЖга қарашли қабр тошларини ишлаб чиқариш цехидан нархи 1 минг доллар бўлган бир дона 70х170 см ўлчамдаги қора рангли «гранит габро» номли тош номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини маълум қилган. Фуқаро номаълум шахсларни аниқлашда амалий ёрдам беришни сўраган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлар натижасида мазкур ўғриликни Самарқанд туманида яшовчи Н.С. (27 ёшли), И.Ш. (20 ёшли) ва А.З. (18 ёшли) содир этгани аниқланган. Улардан «гранит габро» номли тош ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодекснинг 169-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan