Ҳарбий тадбирлар

Термиз темир йўл вокзалидан муддатли ҳарбий хизматга отланган бир гуруҳ мард, жасур ўғлонлар тантанали кузатилди

Президентимизнинг жорий йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлар бошқармаси, мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими, Термиз ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, кенг жамоатчилик вакиллари, аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тантанали тадбирда Сурхондарё вилоят мудофаа ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Илхом Қамбаров Миллий армиямизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тинч, фаровон ҳаётимизни таъминлашдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр юритди. Чақирилувчиларнинг Ватан олдидаги йигитлик бурчини шараф билан ўташига омад тилаб, уларнинг Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз жасоратига содиқ бўлишига катта ишонч билдирди.

Ватан ҳимоясига отланган аскарларга ҳарбий оркестр куй садолари остида “Армия–ҳаёт мактаби” китоби, санитария-гигиена воситалари топширилди.

–Ватан тинчлиги, юрт тўкинлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун муқаддас бурч,–дейди Термиз шаҳар мудофаа ишлари бўлими чақирилувчиси, муддатли ҳарбий хизматчи Маъруфжон Қувондиқов.

– Ана шу вазифани адо этиш орзуси билан ўтган йили дастлабки босқичда туман тиббиёт ходимларининг кўригидан ўтдим. Кейин жисмоний тайёргарлик бўйича назорат синов машқларини топширдим. Куч тузилмалари суҳбатидан ўтиб, вилоятга йўлланма олдим. Бу ерда тиббий кўрикдан ўтгач, раҳбарият Кенгаши суҳбатида бўлдим. Очиқ, ошкора танлов асосида саралаб олинганлар сафида муддатли ҳарбий хизматга жўанаётганимдан қувончим чексиз. Энди Тошкент вилоятида юртимиз осайишталиги, халқимиз тинчлиги ва обод ҳаёт учун хизмат қиламан. Зиммамга юклатиладиган барча вазифаларни аъло даражада бажариб, ота-онам бағрига ёруғ юз билан қайтишга сўз бераман.

Тадбир якунида хизматга йўл олган аскарларга ош тарқатилди. Саньаткорларнинг қизиқарди концерт дастури намойиш этилди.

Шу куни ўғлонлар Термиз темир йўл вокзалидан тантанали кузатилди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan