Uncategorized

Президент Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзламоқда

“Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни амалга ошириш мақсадида алоҳида Агентлик ташкил этилди. Бу соҳада бошлаган ишларимизни давом эттириб, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш янада кучайтирилмоқда. Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва тўлиқ ҳимоя қилишни ҳам энг устувор вазифа сифатида белгиладик. Икки йил аввал Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилинди ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиб сайланди. Ўзбекистонни қонун ва адолат мустаҳкам қарор топган демократик мамлакатга айлантириш, мустақил ва кучли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш – энг олий мақсадларимиздан бири сифатида кун тартибига қўйилди.

Ислоҳотларимизнинг муҳим йўналиши сифатида мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик медиа макон яратиш бўйича зарур чоралар амалга оширилмоқда. Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисоб́дорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришмоқдамиз. Бу борадаги энг муҳим ютуғимиз шуки – биз жамиятимизда “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, Янги Ўзбекистон пойдеворини айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этмоқдамиз. Кўп йиллар давомида мамлакатимизни турли “қора рўйхат”ларга киритилиши учун сабаб бўлган мажбурий, жумладан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Бунинг эътирофи сифатида яқинда халқаро “Cotton Campaign» коалицияси ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва текстиль маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди.

Биз ислоҳотларимизнинг биринчи кунидан бошлаб таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келмоқдамиз. Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови аввалги 27 фоиздан 67 фоизга кўтарилди. Бундан ташқари, 200 га яқин янги мактаблар барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Натижада, мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражасини олдинги 9 фоиздан 28 фоизгача етказишга эришилди ва бу йўналишдаги ишларимиз давом эттирилмоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муҳим ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда” – деди Президент

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan