Uncategorized

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олган Бекар жаноблари билан учрашув бўлиб ўтди.

Самимий учрашув бошида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Элчи жанобларини куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентига ишонч ёрлиғини топширгани билан қутлаб, унинг келгусида икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Учрашувда шунингдек Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори С.Турабджанов ва Тошкент тўқимачилик ва енгил-саноат институти ректори И.Собиров иштирок этди.

Вазир А.Тошқулов Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик шу пайтгача муваффақиятли бўлганини айтиб ўтди. Мисол учун, илгари икки томонлама хамкорлик йўналишлари асосан туркшунослик, турк тили ва адабиёти, Марказий Осиё халқларининг тарихи, миллий тиллари бўлган бўлса, ҳозирда ҳамкорлик динамикаси ўнлаб бошқа мавзуларни ўз ичига қамраб олади.

Туркия билан ҳамкорлигимизнинг намунаси сифатида 2020 ўқув йилидан бошлаб фаолият юритаётган Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини айтиб ўтиш мумкин. Бўлғуси тадбиркорларни халқаро бизнес тажрибаси асосида иш юритишга ўқитадиган ушбу университетнинг юртимиздаги филиалида талабалар 2 та таълим йўналишида (электрон тижорат ва технологияларни бошқариш; халқаро бизнес ва тадбиркорлик) таҳсил олмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Туркия билан техника ва муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш, математика, физика, химия, геология каби йўналишлардаги ҳамкорликка янада кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Элчи жаноблари Олган Бекар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ушбу жараёнларда янгича фикрлайдиган кадрларга эҳтиёж юқорилигини айтиб ўтди. Бундай кадрларни юқори савияда тайёрлаш учун катта куч ва тинимсиз шижоат, ҳамда замон талаблари билан уйғун қўшма ўқув дастурлар кераклиги айтилди.

Икки томон истиқболда янги соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan