Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Таъкидлаш керакки, мазкур қонун лойиҳаси жуда ҳам долзарб бўлиб, давлат хизматчилари томонидан кўпдан бери кутилаётган қонун ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида 20 минг мартадан ортиқ кўриб чиқилиб, 200 дан кўпроқ таклиф билдирилгани ҳам унинг нақадар муҳим эканини англатади.
Ушбу қонуннинг айрим жиҳатлари хусусида атрофлича сўз юритсак.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур қонун меъёрлари барча давлат фуқаролик хизмати ходимларига эмас, фақат давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.
Давлат реестри эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори билан жорий этилиши, унга қуролли кучлар, дипломатия хизмати ходимлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, судьялар, ҳамда сайланадиган лавозимлардан ташқари барча давлат органларидаги лавозимлар киритилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш бўйича давлат органлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий ваколатлари қонунда алоҳида кўрсатилмоқда.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари тоифасига кўра “сиёсий”, “бошқарув” ва “ёрдамчи”гуруҳларга ажратилиб, уларнинг ҳуқуқий мақоми, лавозимга тайинлаш ва хизматни ўташ тартиби белгиланмокда. Ушбу гуруҳларга қайси лавозимлар тааллуқли эканлиги қонунда ойдинлаштирилган.
Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражалари (масалан, 3-даражали хизматчи, 1-даражали маслаҳатчи) берилиши ҳам белгиланмоқда.
Шу билан бирга, барча даражадаги давлат фуқаролик хизматчилари учун бир хил ҳуқук, мажбурият ва чекловлар тизими жорий этилмокда. Унга мувофиқ, ҳуқуқлари сифатида -давлат фуқаролик хизматчиларининг конунчилик ва хизмат шартномасида белгиланган тартибда иш ҳақи, рағбатлантириш ҳамда мукофотлар олиш, ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя билан таъминланиш, хавфсиз ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш кабилар белгиланмоқда. Давлат фуқаролик хизматчиларига ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, ўз ваколатидан шахсий ва бошқа қонунга хилоф мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик каби мажбуриятлар юклатилмокда.
Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан ўзаро якин қариндошликда бевосита бўйсунув остидаги лавозимни эгаллаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, ўз хизматини бажариши эвазига фуқаролардан мукофот олиш, респyбликадан ташқарида ҳисоб рақамлар очиш каби ҳолатларга чеклов кўзда тутилмокда.
Энг долзарб масалалардан бири соҳада коррупцияни олдини олиш ҳисобланади. Бунинг учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилмокда. Жумладан, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул килинмаслиги, давлат фуқаролик хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш тизими жорий қилиниши, уларнинг одоб-ахлоқ қоидалари белгиланмоқда.
Энг муҳими, давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ танлов асосида бўлиши, давлат фуқаролик хизматчисининг бошқа лавозимга ўтказилиш, ротация қилиниш, меҳнатига ҳақ тўланиш,рағбатлантириш ва меҳнат шартномасини бекор қилиниш тартиблари аниқ кўрсатилмоқда.
Бундан буён давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши қонунда кўрсатилмоқда. Уни ким, қайси ҳолатларда, қанча муддатда ўтказиши, натижаси ва тартиблари алоҳида моддада белгилаб қўйилмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси ҳам муҳим масала ҳисобланади. Шу маънода алоҳида боб ва моддаларда уларни ҳуқуқий, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда. Яъни, меҳнат ва ижтимоий таътиллар бериш, ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарар ўрнини қоплаш, пенсия таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш, хавфсиз ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш кабилар давлат томонидан таъминланиши белгиланмоқда.
Ижтимоий жиҳатдан ҳимоянинг айримлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, давлат фуқаролик хизматчисига хизматни ўташ шароитларига қараб, қонунчилик билан белгиланган ҳолатлар ва тартибда турар жой, хизмат транспорти билан таъминлаш ёки турар жой ва транспорт харажатлари учун компенсация бериш кафолатланиши кўрсатилмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчисига 24 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган йиллик асосий таътил, кўп йиллик хизмати ва алоҳида меҳнат шароитлари учун йиллик қўшимча ҳақ тўланадиган таътиллар берилиши мустаҳкамланмоқда.
Давлат фуқаролик хизматининг жозибадорлигини ошириш мақсадида уларнинг пенсия таъминотида аёлларда давлат фуқаролик хизматининг 20 йилдан ва эркакларда 25 йилдан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсиянинг таянч миқдори пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 3 фоизига оширилиши назарда тутилмоқда.
Фикримизча, қонун кучга кирганидан сўнг унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ташкилот, корхона ва муассасаларда долзарб масалалардан бири ҳисобланадиган кадрлар қўнимсизлигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши соҳадаги муносабатлар тартибга солинишида, бошқарувнинг илғор меъёрлари жорий этилишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Асосийси, давлат фуқаролик хизмати соҳаси қонун билан тизимлаштирилмоқда.
Фирдавс ШАРИПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда ЎзХДП фракцияси аъзоси