ЖАМИЯТ

Сурхондарёда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик бошланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида, 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатда «Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонлаш кўзда тутилган.

Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилади.

Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш режалаштирилган. Наврўз умумхалқ байрами арафасида республиканинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.

Қарорда байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилиш ҳамда кўклам таомлари тайёрланиб, уларнинг савдоси йўлга қўйилиши белгиланган.

Шунга мувофиқ, Сурхондарё вилоятида ўтказилиши белгиланган Наврўз байрами тадбирлари умумхалқ сайиллари шаклида очиқ жойларда, яъни боғлар, хиёбонлар ва ўйингоҳларда бўлиб ўтади.

Хусусан, вилоятнинг асосий байрам тантаналари Термиз туманидаги «Отчопар» мажмуасида ўтказилади. 

Бугун вилоят ҳокими Тўра Боболов мажмуада бўлиб, байрам тадбирини ташкил этиш юзасидан масъулларнинг таклифларини тинглади. Байрам тадбирлари ҳамда умумхалқ сайилларини юқори савияда ташкил этиш бўйича зарурий тавсия ва топшириқлар берилди. 

Шаҳар ва туманларда ҳамда вилоятнинг асосий байрами ўтказиладиган саналар яқин кунларда эълон қилинади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan