Uncategorized

“O‘zavtosanoat” раҳбари автомобил сотиб олишдаги навбатларни сотиш схемасини ошкор қилди

“O‘zavtosanoat” раиси Шавкат Умурзоқов 14-феврал куни машинасозликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёевга UzAuto Motors автомобилларини сотиб олиш учун навбатлар пайдо бўлиши сабабларини тушунтирди. Бу ҳақда “O‘zbekiston 24” телеканалидаги “Менимча” кўрсатувида маълум қилинди.

Компания ишлаб чиқаришнинг қисқаришини дунёда яримўътказгичлар етказиб беришдаги узилишлар ва логистика муаммолари билан изоҳлаган.

“Бугунги кунда Лаcетти ишлаб чиқаришни 51 минг донадан 80 минг донага кўтардик. Бу ҳам етмаяпти. Бу ерда қийинчилик шундан иборатки, бунинг маҳаллийлаштириш даражаси юқори эмас, Кореядаги ишлаб чиқарувчиларининг қуввати эса 30−50 минг автомобилга мослашиб қолган. Ҳозир бунинг ҳам ечимини топдик — ҳамма локализацияни олиб келиб, ишлаб чиқаришни 80 мингга олиб чиқяпмиз”, — дейди “O‘zavtosanoat раҳбари.

UzAuto Motors 2021-йилнинг июл ойидаёқ автомобиллар етишмаслиги сабабли “автомобилларни сотиш ва сотиб олишнинг ноқонуний схемалари” юзага келганини хабар қилган эди. Компания маълумотларига кўра, айрим шахслар пул эвазига савдо тизимини четлаб ўтиб, автомобил олиш учун навбатини бериш билан шуғулланиб келмоқда.

Шавкат Умурзоқов навбатда турган жойни сотиш схемасини батафсил баён қилган. Бугунги кунда автосалонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилни харид қилишда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисобварақ-фактура) беради. Унинг таъкидлашича, дилер нусхасини сақлаб қолади ва харидор автомобилни ўз номига расмийлаштириш учун асл нусхани ЙҲХББга олиб бориши керак. Айнан шу босқичда коррупсион ҳолат юзага келади ва навбат бузилади.

“Олдинлари ЙҲХББ томонидан қоғоз кўринишида ҳисобварақ-фактура — маълумотнома бериларди, унинг нусхасига UzAuto Motors томонидан шартнома асосида сотиб олган одамнинг фамилияси ёзиб бериларди. Аслига бўлса навбациз фуқарога ёзиб берилиб, ЙҲХББга топшириларди. Шу билан навбат бузиларди. Биз буни аниқладик. Шу билан коррупсия бўлар эди”, — дейди Умурзоқов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда UzAuto Motors ҳисоб-фактуралардан фойдаланишдан воз кечиш мақсадида ЙҲХББ маълумотлар базаси билан интеграцияни жорий этмоқда.

“Эндиликда шартнома тузилганидан кейин ВИН-рақам автомат равишда базага тушади. Машина чиққанида у ерга маълумотномани олиб бориш шарт бўлмайди. Бу тизим март ойида ишга туширилади. Худо хоҳласа, бу ҳолатларни буткул йўқ қиламиз”, — дея маълум қилган “O‘zavtosanoat” раҳбари.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan