Uncategorized

ТАБИИЙ ГАЗДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНГАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАР АНИҚЛАНДИ

“Ақлли” ҳисоблагич ўрнатилса, ортиқса сарф ёки қаздорлик бўлмайди, сабаби, ҳисоблагичда алоҳида сим карта ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда унинг телефонига огоҳлантирувчи СМС хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач, тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги, фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, ўн йилда бир марта қиёслов кўригидан ўтказилади.

Муҳими, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади, электрон тизим бўлгани боис, фойдаланилган газ ҳисобини ортга қайтариб бўлмайди, мабодо қурилмага тегинилса, тизим автомат равишда ўчирилади. Бу ўз-ўзидан табиий газдан ўғринча фойдаланишга йўл қўймайди.

Таъкидлаш жоиз, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларнинг олди олиниши билан бирга йўқотишлар ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. “Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида марказга маълумотларни узатади.

Ҳисоблагич ҳудди мобил телефон каби сим карта ва аккумулятор-батареяда ишлайди ҳамда диспетчерлик хизматига тўғридан тўғри симсиз алоқа ёрдамида уланади. Диспетчер ўз мониторида қайси хонадонга айни дақиқада қанча миқдордаги газ берилмоқда, қайси бирига умуман берилмаяпти, қаерда қандай носозлик бор, барчасини назорат қилиб туради ва ҳисоблагичда қарз юзага келиши биланоқ, инсон аралашувисиз газ бериш истеъмолчи томонидан пул тўлангунга қадар тўхтатилади.

Яна шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлаш лозимлиги тўғрисида мобил телефонга қисқа хабар (СМС) юборади ва дам олиш ҳамда байрам кунларидан бошқа вақтдагина қарздорга газ беришни автоматик тўхтатади. Бунинг сабаби эса, тизим – банк ишламайдиган кунлари кассага пул тўлай олмаслигингизни билдиради.

Қарздорлик туфайли газ бериш тўхтатилгач, истеъмолчи томонидан пул тўлаб қарзни ёпилгандан кейин ҳам ҳисоблагич, токи истеъмолчи уйдаги барча очиқ қолган газ ускуналарини беркитмагунича, газни ўтказмайди.

Агар истеъмолчи уйида қўшимча ўчоқ, тандир ёки иссиқхонани табиий газ тармоғига уласа, истеъмол қилинаётган табиий газ эҳтиёжи ошиб кетиши сабабли, ҳисоблагич газ етказиб беришни тўхтатади.

Юқоридаги ҳолатларга амал қилмаган истеъмолчилар томонидан ўз бошимчалик билан газ ҳисоблагичларни ечиб олиб, қўл бола резина шланглар орқали фойдаланаётганлигига гувоҳи бўлмоқдамиз. Табиий газ тўловидан қарз бўлган фуқаро янги «ақлли» ҳисоблагич газни узиб қўйгач, резина шланг билан ноқонуний тарзда тармоққа уланиш ҳаёлига келади. Оқибатда, резина шлангдан газ сизиб чиқиш ва газ портлашларга ҳам сабаб бўлётган хонадонлар ҳақида хабардор бўлиб турибмиз.

Мисолларга юзлансак, Шеробод, Денов туманларида ҳамда Термиз шаҳрида 19 дан ортиқ истеъмолчилар газ хонадондаги ҳисоблагичларни ноқонуний ечиб олиб ишлатиш ҳолатлари аниқлангач, соҳа ходимлари томонидан мазкур хонадонлардаги газ таъминоти тармоқдан узилиб, тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилмоқда.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг рақамлаштириш бўлими ҳамда филиалнинг тегишли бўлим ходимлари ҳамкорлигида аниқланган бу каби ҳолатлар юзасидан истеъмолчиларга тушунчалар берилиб, уларнинг табиий газ тармоғидан фойдаланиши вақтинча чекланмоқда. Бундан кўзланган мақсад – аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.

Жорий йилда вилоятда табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 19 та ҳолат аниқланган. Бу ўз навбатида 20 900 метр куб газ ўзбошимчалик билан сарф қилинган ва оқибатда таъминот корхонаси жами 7 миллион 942 мингдан ортиқ моддий зарар кўрган. Бугунги кунда барчаси ундирилиб, етказилган зарар бартараф этилган.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan