Uncategorized

Электр энергияси таъминотида монополия бекор қилинади ва соҳага бозор механизмлари жорий этилади

2022 йилги Давлат дастурига асосан Ўзбекистонда энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда эркинлаштирилади. Шунингдек, 2022 йил давомида энергетика соҳасига бозор механизмларини олиб киришнинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу дастурда энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш кўзда тутилган. Таъкидланишича, бу борада апрел ойига қадар президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қарор лойиҳаси энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилишга қаратилади.

Шу билан бирга, электр энергияси таъминотида монополия бекор қилинади ва соҳага ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгиланган ҳолда бозор механизмлари жорий этилади.

Бунда:

  • “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергиясини “ягона харид қилувчи” функциясини магистрал электр тармоқларини эксплуатасия қилиш функциясидан ажратиш орқали, ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи алоҳида акциядорлик жамияти ташкил этилади;
  • “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талаблар белгиланади;
  • “Ўзбекгидроэнерго” АЖ кичик ва ўрта инвестиция лойиҳаларига хусусий инвесторларни жалб этади.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солувчи мустақил орган – регулятор, ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи корхона ҳамда миллий диспетчерлик маркази ташкил этилади.

Давлат дастурига биноан, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда 2022 йил апрелга қадар эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун энергия ресурслари бўйича ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш бўйича ҳукуматга таклифлар киритилади.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги 2022 йил сентябргача “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ва октябргача “Табиий газ тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади, июнгача Магистрал электр тармоқлари кодекси (Грид Cоде)ни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланади.

Шунингдек:

  • 2022 йил октябр ойига қадар тақсимловчи тармоқларни эксплуатация қилиш, истеъмолчиларни тармоққа улаш, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашни назарда тутган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўзида мужассамлаштирган Тақсимлаш тармоқлари қоидалари кодекси (Distribution Code) ни тасдиқлаш тўғрисида;
  • электр энергетикаси бозор иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи “Бозор қонун-қоидалари тўғрисида”ги ҳукумат қарорлари лойиҳалари (2022 йил октябргача) тайёрланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan