Uncategorized

СанЖай шоир Усмон Азимга 94 млн сўм тўлаб беради

Муаллифлик ҳуқуқини бузган СанЖай шоирга жами 94 миллион сўм миқдорида товон пули ва маънавий зарар тўлаши лозимлиги суднинг қарори билан тасдиқланди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, 13 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро суди томонидан Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси жамиятининг аъзоси шоир Усмон Азим манфаати учун жавобгар Санжар Жавбердиевга (СанЖай) нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани туфайли товон пули ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги фуқаролик иши кўриб чиқилган.

Кўриб чиқиш давомида Санжар Жавбердиевнинг Усмон Азим қаламига мансуб «Карвон» номли шеърдан муаллифнинг розилигини олмаган ҳолда, хусусан, келишувга эришмасдан ёки шартнома тузмасдан фойдаланиб, қўшиқ ижро этгани ҳамда интернет орқали ижтимоий тармоқларга жойлаштиргани ўз тасдиғини топган.

Суд томонидан тарафлар ўртасида келишувга эришилмагани, муаллифнинг розилигисиз унинг шеъридан фойдаланилгани инобатга олиниб, жавобгар Санжар Жавбердиевдан шоир Усмон Азим фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (54 миллион сўм) миқдорида товон пули ва 40 миллион сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan