Uncategorized

Нега дарахтларга озор бераётган шахслар жазосиз қолмоқда?

Ўзбекистонда янги тренд пайдо бўлди. Яъни йўлларни текислаш, асфальтлаш, бетонлашда илгари дарахтларни осонгина ҳалақит бермасин, дея кесишган бўлса, мораторий эълон қилингач, дарахтларнинг танасини ярим метр очиқ қолдиришга эриниб, асфальтлаб, бетонлаб ташлай бошлашди. Албатта мазкур ҳолатлар ижтимоий тармоқлар ва ОАВда кўтарилса, экоинспекторлар назоратида муаммо бартараф этилиб, дарахтларнинг таги очилади. Биргина ekologuz телеграм каналида ўтган 2021 йил давомида дарахтларнинг танасигача бетонлаш, асфальтлаш, уларга реклама баннерларини қоқиш, буташ баҳонасида дарахтларни каллаклаш ҳолатлари бўйича республикамизнинг турли ҳудудлардан 200 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Улар эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ёрдамида дарахтларнинг таги очилиб, реклама баннерлар олиб ташланди. Аммо қачонгача, қурувчи, тадбиркор ва бошқалар дарахтларга озор етказишади-ю, орқасидан экоинспекторлар уларнинг қилган хатосини тузатишади? Нега била туриб, дарахтларга озор бераётган фуқаролар, мансабдор шахслар жазога тортилмайди? Ёки шикаст етказиш деганда фақатгина дарахт танасини чопиш, кесиш, унинг ўсишдан тўхташи, қуриши учун содир этилган хатти-ҳаракат тушиниладими? Ахир таги бетонланган дарахт ҳам маълум муддат ўтгач, қурий бошайдику?!

2020 йил 3 декабрь куни Президент томонидан “Ўзбекистон Республикасининг баъзи бир қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисидаги қонун имзоланган эди. Унга кўра, Жиноят кодексининг 198-моддасига (экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) тузатиш киритилганди. Унга кўра, “Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга қасддан шикаст етказиш, уларни пайҳон қилиш, нобуд қилганлик учун БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача жарима 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 75 дан 100 бараваригача жарима билан жазоланган, қолган қисмлар ўзгармаган).”дейилган. Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартиришлар киритилиб, хусусан, 162-моддада кўрсатилган жавобгарлик 79-моддага киритилди. Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш ҳуқуқбузарлигини қайта содир этганлик учун жарима миқдори оширилиб, жисмоний шахслар учун БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, юридик шахслар учун эса БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача этиб белгиланган, шунингдек улардан ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган қурол мусодара қилиниши кўрсатиб ўтилганди.

Аммо бу масала қанча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўп кўтарилмасин, дарахт ва буталарга шикаст етказишлар шунча кўп ва очиқдан очиқ содир этилмоқда. Юқорида келтирилган қонунчилик моддаларини ишлатиш ва ҳуқуқбузарларнинг орқасидан қилган ишини тўғирламасдан, уларни жазога тортиш вақти келмадимикан?

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan