Россия ҳукумати буғдой экспорти учун минимал нархни белгилади, деб хабар бермоқда Reuters. Унга кўра, 11 октябрь, жума куни бўлиб ўтган ёпиқ йиғилишда Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экспортчиларни чет эллик харидорлардан буғдойнинг бир тоннаси учун камида 250 доллар (230 евро) ҳақ ундиришга «чақирди», деб ёзади Reuters агентлигига икки манбага таяниб. Улардан бирига кўра, идора ушбу тавсияларга риоя қилиш учун бир ҳафта муддатни белгилаб берди
Reuters хабарига кўра, Россия дон экспортчилари ассоциацияси йиғилишдан сўнг вазирлик экспортчиларга воситачилардан қочиш ва харидорлар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб боришни топширганини ҳам маълум қилди. Россиялик трейдерлардан бири агентликка маълум қилишича, ҳукуматнинг янги кўрсатмалари муносабати билан экспортчилар энди илгари воситачилар зиммасига олган таваккалчиликларни ўз зиммаларига олишлари керак бўлади. Бироқ, экспортчиларда ҳозирда хавфларни камайтириш учун етарли механизмлар мавжуд эмас.
Тегишли вазирликнинг фикрига кўра, дея қайд этади Reuters, янги минимал нарх чегараси сўнгги ҳафталарда Россияда кузатилган йирик экспорт ҳажмини камайтиришга қаратилган. «Бунинг зарурий шарти, шунингдек, сўнгги ойларда иқтисодиёти Украинага қарши урушга тобора кўпроқ йўналтирилган мамлакатда инфлациянинг қарийб тўққиз фоизни ташкил этишидир», — дейилади агентлик баёнотида.
Россия жорий йилда 60 млн тонна ғалла экспорт қилишни режалаштирмоқда
Россия қишлоқ хўжалиги вазири Оксана Лут ғалла экспорти бўйича аввалроқ қилинган 60 миллион тонналик прогнозни тасдиқлади.
«132 миллион тонна ғалла йиғим-терими прогнозига асосланиб, биз жорий мавсумда 60 миллион тонна экспорт прогнозини белгилаб олдик», деди Лут.
«Ўтган мавсумда бизда 72 миллион тонна ғалла тасдиқланган. Биз ҳисоб-китобни кутмоқдамиз, аммо 72 миллион тонна албатта бўлади», — деди у.
Шу билан бирга, журналистларнинг жорий қишлоқ хўжалиги йилида буғдой экспорти прогнози ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Лут бу ҳали аниқланмаганини айтди.
«Буғдой бўйича якуний прогнозлар йўқ, ҳосил кўрсаткичлари пастга қараб ўзгариши мумкин. Қанча йиғиб-териб олишимизни тушунганимизда, келгуси йил экспорт учун қўядиган квоталар орқали дельтани мақбул ҳолга келтирамиз» деди Лут. У устувор вазифа ички эҳтиёжларни қондириш эканлигини таъкидлади.