Uncategorized

Бугундан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун назарий ва амалий имтиҳонларни қабул қилиш фаолияти тўхтатилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4913-сон қарори билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Шунга асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майда 272-сон “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Бу ҳақда ЙҲХХ Бош Бошқармаси хабар бермоқда.

Ушбу қарорларга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан автоматлаштирилган автодромларни қуриш ишлари бошлаб юборилган ва айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолиятни бошлашга тайёр эканликлари маълум қилинмоқда. Бунга яққол мисол тадбиркорлик субъекти томонидан Тошкент шаҳар Сирғали туманида барпо этилган “Тошкент имтиҳон маркази”дир. Ушбу марказ жорий йилнинг 4 февраль кунидан ўз фаолиятини бошлайди.

“Тошкент имтиҳон маркази” ўз фаолиятини бошлаганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 272-сон қарорига асосан жорий йилнинг 4 февралидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмалари ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун назарий ва амалий имтиҳонларни қабул қилиш фаолиятини тўхтатади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan