Паспорт, диплом, «права» ва меҳнат дафтарчаси – энди барчаси телефонингизда бўлиши мумкин
21 триллионлик IТ хизматлари, «Хавфсиз шаҳар» тизими, 60 фоизгача онлайн давлат хизматлари ҳамда Gov Pass — Шерзод Шерматов Президентга қандай инновациялар тақдим этди?
Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Унда давлатимиз раҳбари келгуси йилда IT хизматлар ҳажмини 35 фоиз ошириб, 21 триллион сўмга етказиш, дастурлаш хизматларини кўпайтириш учун барча имконият борлигини таъкидлади.
Келгуси йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улуши 60 фоизга етказилиши белгиланди.
Тақдимотда бу борадаги яна бир қулайлик: фуқаро паспортининг рақамли профили ҳақида маълумот берилди.
Gov Pass мобиль иловаси смартфонга ўрнатилади ва унда паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби кўплаб ҳужжатлар жамланади. Яъни, фуқаронинг барча ҳужжатлари доим ёнида, телефонда бўлади. Бу вақт ва пулни тежаб, қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади, оворагарчиликларни бартараф этади.
“Хавфсиз шаҳар” тизими ижросига доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилгача бу тизимни тўлиқ жорий этиш вазифаси қўйилди.