Uncategorized

ОТМлар талаба формаси, қабул квоталари ва ўқиш давомийлиги муддатини мустақил белгилайди

Молиявий мустақиллик берилган ОТМларга академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллиги берилмоқда. Унга кўра, ОТМлар бакалавриат ва магистратурада ўқиш давомийлиги муддатини, таълим тили ҳамда йўналишларини жорий этиш ва тугатиш, кимни ишга олиш-у кимни бўшатишни ҳал қила олади.

«Давлат oлий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га қарорга асосан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилади:

•  ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, таълим тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини белгилаш;

•  бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини белгилаш;

•  докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини белгилаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда қабул қилиш;

•  докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;

•  магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар, шу жумладан, амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш;

•  ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш;

Ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида:

•  фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш билан боғлиқ бўлган, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;

•  олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар муассасанинг тузилмасини тасдиқлаш ва штат бирликлари сонини белгилаш;

•  меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдаги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларни тугатиш;

•  педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш;

•  хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этиш.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик (идора)ларнинг қуйидаги ваколатларини таълим муассасаларига ўтказилади: 

•  чет эл фуқароларининг ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан республика давлат олий таълим муассасаларига кўчириш;

•  олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг амалиётни ўташ тартибини тасдиқлаш ва уни ташкил этиш;

•  олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ички тартиб қоидалари, жумладан, таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талабларни белгилаш.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan