Uncategorized

Иқтисодий судлар бўйича аянчли статистика

2020 йилда Андижон вилоятида 6.351 та, Бухоро вилоятида 5.403 та, Навоий вилоятида 2.031 та, Наманган вилоятида 5.369 та, Сирдарё вилоятида 4.743 та, Фарғона вилоятида 5.126 та, Тошкент вилоятида 6.130 та ва Тошкент шаҳрида 18.626 та иқтисодий иш кўрилган экан.

Эътибор беряпсизми, Тошкент шаҳрида кўрилган суд ишлари қолган ҳар бир вилоятга солиштирганда, 2 баробарга, айримларига қараганда эса 3-4 баробарга кўп.

Эшитишимча, 2021 йилда 1 декабрь ҳолатига Тошкент шаҳрида 40.000 дан ортиқ иқтисодий иш кўрилибди ва бу кўрсаткич айрим вилоятлардагига қараганда, 5-6 баробарга кўпайган.

Биласиз, иқтисодий судларда асосан, корхоналар ва ташкилотларга доир ишлар кўрилади. Энди шунга доир статистикага қараймиз. Андижонда 29.644 та ташкилот бор, Бухорода 22.027 та, Навоийда 21.321 та, Наманганда 31.385 та, Сирдарёда 16.436 та, Фарғонада 43.529 та, Тошкент вилоятида 52.239 та корхона ва ташкилот бор. Тошкент шаҳрида эса 100.539 та. Яъни, энг кўп корхоналар айнан пойтахтда ва бу бошқа вилоятларга қараганда деярли 2-3 баробарга кўп.

Бу маълумотларни нима учун келтиряпмиз, тушунаётган бўлсангиз керак. Тошкент шаҳрида кўриладиган иқтисодий ишларнинг хажми ва кўлами қолган вилоятларга қараганда ўртача 5-6 баробарга кўплигини айтмоқчимиз.

Хўш, энди жуда ҳам катта ва қўпол мантиқсизлик ҳақида айтиб ўтамиз.

Андижонда 16 та туман учун 6 та алоҳида туманлараро суди ташкил қилинган. Бухорода 13 та туманга 6 та, Навоийда 10 та туманга 4 та, Наманганда 12 та туманга 4 та, Сирдарёда 11 та туманга 4 та, Фарғонада 19 та туманга 5 та, Тошкент вилоятида 22 та туманга 7 та алоҳида туманлараро иқтисодий судлар тўғри келади.

Хўш, пойтахтда, яъни энг кўп корхона ва ташкилотлар жойлашган, 12 та алоҳида тумани бўлган ва энг кўп иш кўриладиган Тошкент шаҳрида нечта туманлараро иқтисодий суд бор деб ўйлайсиз? Сиз ҳам 7 та ёки 8 та бўлса керак деб ўйлаяпсизми? Қаттиқ адашяпсиз.

Бор йўғи 1 дона! Тасаввур қиляпсизми? 1 донагина холос. Тошкент туманлараро иқтисодий суд деган 1 донагина судхонамиз бор холос.

Мен ҳайронман, Тошкент туманлараро иқтисодий судидаги судьялар ҳеч дам оляптими, тушлик қилишга вақти бўляптими уларни? Умуман, улар сифатли ва қонуний қарор чиқара олишяптими? Бунга умуман имкон йўқлиги кўриниб турибдику. Чунки, сифатли ва адолатли қарор чиқариш учун, ишни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак, ишнинг ичига кириш керак, бунинг учун эса СУДЬЯГА ВАҚТ КЕРАК! БУНИНГ УЧУН ЭСА, ИШ ХАР БИР СУДЬЯГА ТЎҒРИ ТАҚСИМЛАНИШИ ЗАРУР!!!

Наҳотки, Олий суд раҳбарияти мана шу каби муаммолар устида бош қотирмаётган бўлса. Ахир бундан судьялар ҳам, ишдаги тарафлар ҳам бирдек қийналишяптику, буни ҳамма кўриб турибдику.

Аслида қонуний, сифатли ва адолатли қарор қабул қилиш учун, ишни ўз вақтида кўриб чиқиш учун, тадбиркорлар минг сарсон-саргардон бўлмаслиги учун Тошкент шаҳрида камида 4 та туманлараро иқтисодий суд бўлиши керак.

Олий суднинг ҳозирги раҳбарияти ушбу муаммога жиддийроқ эътибор берадими ёки йўқми буни билмадиму, лекин барибир қачондир шу нарса албатта бўлиши керак.

Маълумотлар sud.uz ва stat.uz сайтларидан олинди.

Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan