Uncategorized

Ангренда иккита юк поезди ўртасида тўқнашув рўй берди

20 та вагон темир йўли изидан чиқиб, ағдарилган. Икки киши шифохонага олиб кетилган. ФВВ ҳодиса қандай содир бўлганини маълум қилди.

ФВВ Матбуот хизматининг хабарига кўра,  кеча, 19 декабрь куни соат 05:03 да Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан 19 км шарқий йўналишда жойлашган “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли “Ангрен кўмир кони”нинг (разрез) ҳудудидаги темир йўлда 010-сонли локомотив состав электровознинг сиқилган ҳавосиз қолиши оқибатида бошқарувсиз ҳаракатланган ва 1-йўлда ҳаракатланиб кетаётган 017-сонли локомотив составига урилган.

Натижада жами 33 та юк вагонидан 20 та вагон темир йўли изидан чиқиб, ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида 010-сонли локомотив состави машинисти ва унинг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олган. Улар Ангрен шаҳар шифохонасига юборилган. 

Мазкур ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида воқеа жойига “Ўзбеккўмир” АЖ тасарруфидаги “Темир йўл транспорт” филиалидан 2та юк крани, 2 та погрузчик ва 50 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган. Бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan