Uncategorized

ГАЗ БАЛЛОНЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНГ!

Суюлтирилган газдан фойдаланишда маълум хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш жуда муҳимдир. Акс ҳолда, инсоннинг мол-мулки, ундан ҳам ёмони, соғлиги ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Шу боисда ҳам истеъмолчилардан суюлтирилган газдан фойдаланишда қуйидаги қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз:

– битта хонадонда 2 тадан ортиқ газ баллонни сақлаш ва ишлатиш мумкин эмас;

– газ плитаси эшик, дераза ва электр розеткадан камида 1 метр масофада ўрнатилиши лозим;

– газ плитаси ўрнатилган хонада фақат бир дона газ баллонидан фойдаланиш ва сақлашга рухсат этилади;

– бунда хона ичидаги ҳарорат +45 даражадан ошмаслиги, газ баллон газ плитасидан камида 1 метр, иситиш радиаторлари ёки печкалардан камида 2 метр узоқликда ва махсус темир шкафларда ўрнатилиши лозим;

 – суюлтирилган газлар хусусиятига кўра ҳаводан оғир бўлганлиги ва газ сизиб чиққанда чуқурликда тўп­ланиши эътиборга олиниб, газ баллонлари 1-қаватда жойлашган эшик ва деразалардан ярим метр, ертўла шаклидаги қаватларнинг эшик ва деразаларидан ҳамда канализация люклари ва чуқурликлардан камида 3 метр узоқликда жойлаштирилиши шарт;

– газ баллонини плитага улаш учун ишлатиладиган резина шланг­ларнинг таркиби уч қисмдан иборат – ичи резина, ўртаси ип матоли ва усти резинали бўлиши керак. Уланадиган жойлари фақат хомутлар билан маҳкамланиши шарт;

– олов ёрдамида газ сизиш жойларини аниқлаш таъқиқланади;

– кўп қаватли биноларда, ертўла, кириш йўлаклари, яшаш хоналарида (фақат икки қаватли 4 хонали хонадонлардан ташқари) суюлтирилган газ баллонларини сақлаш ва ўрнатиш тақиқланади;

– суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллонларнинг тепа қисмида тамғалаш йўли билан уни ишлаб чиқарган корхонанинг белгиси, баллоннинг рақами, бўш баллоннинг ҳақиқий оғирлиги, ишлаб чиқилган ва қайта синовдан ўтказиш муддати (кун, ой, йил), ишчи босими (МПа), синовдан ўтказиш гидравлик босими (МПа), баллоннинг сиғими (литр), техник назорат бўлимининг алоҳида тамғаси, сиғими 55 литрдан кўп бўлган баллонларда стандарт рақамлари бўлиши шарт.

 – Фойдаланаётган газ баллонларингизда ушбу кўрсаткичлардан бирортаси мавжуд бўлмаса, синаш муддати ўтиб кетган бўлса (беш йил) ва бошқа камчилик­лар аниқланганда улардан фойдаланиш тақиқланади.

– Уй шароитида газ баллонларини таъмирлаш, пайвандлаш ва бошқа турдаги техник хизмат кўрсатиш ишларини бажариш қатъиян ман этилади. Газ баллонларидан фақатгина белгиланган мақсадларда фойдаланиш, уларга талабга жавоб бермайдиган улаш мосламаларини ўрнатиш, резина шланглардан фойдаланиш тақиқланади.

 – Ҳовлида ёки хонада ўрнатилган газ баллонларида босимни пасайтириш мосламаси (редуктор) мавжуд бўлиши шарт ва газ хўжалигида хавфсизлик қои­далари талаблари асосида ўрнатилиб, сақланиши лозим.

– Газ баллонларини асосий ва қўшимча кириш-чиқиш йўлаклари ҳамда автомобиль ўтиш жойлари олдида сақлаш асло мумкин эмас. Қуёш нури тушадиган жойларда турган газ баллонларининг усти соябон ёки бос­тирма билан ёпилиши шарт.

– Газ баллонларини суюлтирилган газ билан белгиланмаган жойда тўлдириш қатъиян ман этилади.

Агар газ баллонида носозлик сезсангиз дарҳол 104 телефон рақамини териб газ таъминоти корхонасига қўнғироқ қилиб мутахассис уста чақиринг. Газ баллонидаги носозликни мутахассис бўлмаган одам тузатишига йўл қўйманг.

Ҳурматли истеъмолчилар!

Газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик инсон ҳаёти учун хавфлидир! Нафақат ўзингизни, балки ўзга фуқаролар олдидаги ўз шахсий жавобгарлигингизни унутманг. Сизнинг хавфсизлигингиз ўз қўлингизда!

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan