Uncategorized

ТИЗИМЛИ ИСЛОҲОТЛАР ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРМОҚДА

Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, шу билан бирга энг масъулиятли ҳамда меҳнати оғир бўлган касблардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини, фан ва техниканинг илғор ютуқларини жадал жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш борасида олиб бораётган тизимли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Таъкидлаш керакки, жорий йил вилоятимизда 610 минг тонна ғалла, 1 минг 715 тонна пилла, 1,6 миллион тонна мева-сабзавот, 253 минг  тонна пахта  етиштирилиб,   ўтган йилга нисбатан 52 минг тонна кўп хом ашё йиғиб-териб олинди. Ўртача ҳосилдорлик 7,5 центнерга ошди. Ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, кластерлари ҳам маҳсулот етиштирмоқда. Замонавий иссиқхоналар халқимизни қишин-ёзин сархил озиқ-овқат маҳсулотлари билан таьминлашга, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда воҳада 1 минг 500 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган бўлиб,унинг 350 гектари шу йилнинг ўтган даврида ишга туширилди. Халқимиз томарқасидан 950 минг тонна мева-сабзавот,полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари йиғиштириб олиниб, рўзғорининг  баркаси ортяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бой тажрибага эга вилоятда парваришланаётган экологик тоза, эртапишар ва сервитамин  маҳсулотларга дунё бозорида кун сайин талаб ортиб бормоқда. Шунга мувофиқ ички бозордан ортган маҳсулотлар экспорт қилинаётир.

Мамлакатимиздан хорижга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми  ошиб бориши  билан бир каторда, юртимизга турли ўсимлик, мева ва сабзавотларнинг янгидан – янги навлари кириб келиши ҳам кўпайган. Бу эса уларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш вазифасини янада долзарблаштиради. Фитосанитар таҳлил -ўсимликлар, мева сабзавотлар орқали  тарқаладиган зарарли организмларни аниқлаш ва хавфни бартараф этишда  бу фаолият билан шуғулланувчи ҳар бир тадбиркор учун фойдали амалиётдир. Тадбиркорлар ўз маҳсулотларини импорт ва экспорт қилишда  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошкармаси  инспекцияси билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйишганлиги даромад чўғининг ошишига  омил бўлаётир.

Куни–кеча  вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари жойларда бўлиб, семинарлар ўтказишди. Термиз туманида ташкил этилган семинарда ҳам, куз-қиш мавсумида энг долзарб бўлган агротехник тадбирлар, уларни тўғри ва самарали ташкил этиш ҳақида сўз борди.  Дастлаб Термиз туманида бунёд этилган “Сурхон элит”  боғида тадбиркорларга соҳа янгиликлари, конунчиликдаги маҳсулот экспорти борасидаги имтиёзлар тушунтирилди.   Бу ерда 7, 4 гектар майдонга олхўри, олма, анор, беҳи каби витаминга бой  мевали дарахтлар экилган. Агроном инспекторлар боғда олиб борилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишдилар. Айтиш муҳимки, боғларни парваришлаш ишлари қиш фаслида ҳам тугамайди. Янги мавсумга тайёргарлик кўриш, дарахтлар атрофини  тартибга келтириш, турли касалликларга қарши курашиш чоралари боғбонлардан қишки агротехник тадбирларни талаб этади. Бу ишлар қанчалик тўғри йўлга қўйилса, келажакда дарахтлар яхши униб ўсади ва улар мўл ҳосил беради. Зеро, бугунги глобаллашув, замонавийлик ҳар бир соҳа мутахассисидан ўз касбини профессионал даражада билишни талаб этмоқда. Ушбу талаб қишлоқ хўжалиги ҳодимлари учун ҳам дастурамал бўлиши шарт. Чунки жаҳон бозорида рақобатдош маҳсулотни етиштириш осон эмас.  Бунда маҳсулот билан боғлиқ ҳар бир жараёнга диққатни қаратиш лозим.

Тумандаги “ГАФ” МЧЖ вилоятда қишлок хўжалиги махсулоти етиштираётган ва экспортда тажрибага эга бўлган корхоналардан бири. Иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва бодринг маҳсулотларининг парваришида ўсимликларни зараркунандалардан сақлаш бўйича тавсиялар берилди.

Албатта, ерга меҳрини бериб, ундан ризқ-рўз ундираётган деҳқонлар  дунёдаги энг шарафли касб эгалари ҳисобланишади. Бугун вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари  миришкорларга елкадош бўлишни ўз бурчи деб билади.  Бу борадаги ҳамкорлик янада ортмоқда.

АКМАЛ МАРДОНОВ, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси  бошқармаси  бошлиғининг  биринчи   ўринбосари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan