Uncategorized

Оилавий зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қаршимиз

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли. Бу қоидалар Конституцияда мустаҳкамланган.

Шу боис, “Оилавий зўравонлик” деб аталмиш менталитетимизга хос бўлмаган иллатни таг-туби билан жамиятимиздан йўқ қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини чуқур англаб етмоғимиз ва жойларда бу борада кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширмоғимиз лозимдир.                             

Шу муносабат билан Шеробод тумани Дўстлик мфй биносида фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси Ж.Ибодуллаев томонидан маҳалла фаоллари билан “Биз оилавий зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қаршимиз” мавзусида учрашув ўтказилди.

Учрашувда суд раиси  фуқароларга давлатимизда оилавий зўравонликка қарши кураш ва уни олдини олиш мақсадида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинганлигини ва қонунга кўра, зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик) эканлигини тушунтириб ўтди.

Шунингдек, ўз маърузасида оиладаги зўравонлик бу эр-хотин ёки бошқа яқин муносабатдаги кишилардан бирининг иккинчисига нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки молиявий зўравонлик кўрсатиши эканлигини, одатда, бу турдаги зўравонлик остида бир томон оиладаги бошқа аъзоларининг ҳаёти устидан назоратни ушлаб туришга бўлган интилиши ётишини, оилавий зўравонлик қурбони кўпчилик ҳолларда аёл киши ёки ёш болалар бўлишини, аммо эркаклар ҳамда қариялар орасида ҳам жабрланувчилар йўқ эмаслигини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, оилавий зўравонликларнинг кенг тарқалган айрим кўринишлари қуйидаги ҳолларда, хусусан, эрнинг хотинини уриши, руҳий камситиш, унинг насл-насабини, оилавий шароити ёки ота-онаси ёхуд қариндошлари қилган ишлари туфайли айблаб, ҳақоратлаши, эрнинг хотинини жинсий зўрлаши, жинсий камситиши, молиявий жиҳатдан чеклаш, аёлининг ўқишига ёки ишлашига қаршилик кўрсатишида намоён бўлаётганлигини уқтириб ўтди.

Суд раиси ўз сўзи якунида ҳозирги кунда оилаларда юзага келаётган зўравонликлардан жабр кўраётганларнинг аксариятини аёллар  ташкил қилаётганлигини,  оиладаги зўравонликларда, асосан, аёллар жабр кўраётганликлари ва муаммонинг ечими, одатда, эркаклар қўлида эканлигини яна бир бор уқтириб, зўравонликка учраётган аёлларга қандай қилиб ўзларини ҳимоя қилиш йўллари , бундай ҳолатларда кимга ва қачон мурожаат қилиш, қаердан ёрдам олиши мумкинлиги тўғрисида керакли маълумотларни бериб ўтди.

Учрашув сўнгида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга етарлича жавоблар олишди.

      Сурхондарё вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти, Нилуфар Тўраева

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan