Uncategorized

Келгуси беш йилда балиқчилик кластерлари сони 130 тага етказилади

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзбекбалиқсаноати» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева маълум қилди.

Қайд этилишича, балиқ личинкасини ишлаб чиқарувчи инкубация цехи, чавоқ етиштирувчи репродуктор ҳовуз, товар балиқ етиштиришга мўлжалланган ҳавза, юқори оқсилга бой балиқ еми ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларини ўз ичида жамлаган кластерлар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалардан озод этилди.

Соҳага берилган имконият ўз натижасини кўрсатаётганлигини йиллар кесими мисолида амалга оширилган ишларда ҳам кўришимиз мумкин.

Биргина 2019 йилда республика миқёсида 13 та балиқчилик кластери ишга туширилди. Ушбу кластерлар томонидан йил давомида 555 млн.дона личинка ишлаб чиқарилди. 15 600 тонна балиқ етиштирилиб, 8 650 тонна балиқ қайта ишланди. Кластерлар томонидан 26 600 тонна омухта ем ишлаб чиқарилди ҳамда 450 та янги иш ўрни яратилди.

2020 йилда ҳам 13 та балиқчилик кластери ишга туширилди. Кластерлар томонидан 485 млн.дона личинка ишлаб чиқарилиб, 10 300 тонна балиқ етиштирилди. Шунингдек, 4 100 тонна балиқ маҳсулотлари қайта ишланиб, 23 200 тонна озуқа ем ишлаб чиқарилди. Янгидан 570 та ишчи ўрни яратилди.

Жорий йилда эса 9 та кластер ташкил қилиниб, уларнинг сони жами 35 тага етказилди. 310 млн.дона личинка ишлаб чиқарилиб, октбяр ойига қадар 3 100 тонна товар балиқ етиштирилди. 1 550 тонна балиқ маҳсулотлари қайта ишланиб, 13 300 тонна балиқ озуқаси ишлаб чиқарилди. Ушбу кластерлар томонидан 110 та янги иш ўринлари яратилди.

Сўнгги 3 йил давомида биргина балиқчилик кластерлари томонидан 1130 нафар иш ўринлари яратилди.

Ушбу кластерлардан бири бўлган “GOLD FISH AGRO EXPORT” МЧЖ томониданжорий йилдаЖиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида намунавий балиқчилик кластери ташкил этилди.

Аҳолини иш билан таъминлаш ва қўшимча даромадини ошириш мақсадида, ушбу балиқчилик кластерида тажриба тариқасида “хонадон – кластер” занжири, кооперация усулида яратилди.

Мазкур тажрибани оммалаштириш мақсадида, “GOLD FISH AGRO EXPORT” МЧЖда ташкил этилган ўқув биносида балиқчилик хўжаликлари, аҳоли хонадонлари, маҳалла раислари ва бошқа раҳбарлар иштирокида семинарлар ўтказилмоқда.

Ҳозирда балиқчилик соҳасида намунали фаолият юритувчи қуйидаги кластерларни санаб ўтишимиз мумкин.

Тошкент вилоятида «TCT cluster» ва «OGONYOK», Жиззах вилоятида “GOLD FISH AGRO EXPORT” ва «МТТ SEA FOOD», Навоий вилоятида «Golden Lake Fish» ва «Eksport Fish Produkt» , Самарқанд вилоятида «Балиқ Ал Саид» ва «Пўлат балиқлари ҳавзаси», Намангна вилоятида “DB group eco” масъулияти чекланган жамиятлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, ҳозирда юқоридаги кластерлар томонидан халқ дастурхонига қайта ишланган балиқ маҳсулотлари; колбаса, сосиска, филе, дудланган, консерва, фарш, котлет ҳамда тушка кўринишида тақдим этилмоқда.

Соҳада кластерлар тушунчасини янада оммалаштириш ҳамда ушбу йўналишни жадаллик билан ривожлантириш мақсадида келгуси 5 йил давомида Балиқчилик кластерлари сонини 35 тадан 130 тага етказиш режалаштирилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan