Uncategorized

Соғлиқни сақлаш вазирлигига вакцинация тадбирларини янада яхшилаш учун 223 та махсус автомобил топширилди

Сўнгги вақтда жаҳонда коронавирус инфекциясининг янги штамми тарқалиши муносабати билан аҳолини эмлаш бўйича чора-тадбирлар сезиларли даражада жадаллашди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан Ўзбекистонда Миллий иммунизация дастурини амалга ошириш борасида доимий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоқда.

Мамлакатимиз CОVID-19га қарши эмлашни амалга оширишга тайёргарлик кўраётгани сабабли, бугун ЮНИСЕФ пойтахтимиздаги “Миллий” стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларини топширди.

Тақдим этилган транспорт воситаларининг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мукамаллаштириш доирасида ажратилди.

Махсус автомобилларда вакциналарни маълум бир ҳароратни сақлаган ҳолда ташиш жуда муҳим ўрин тутади, совуқлик занжири ва логистика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ҳамда вакциналарни мамлакат бўйлаб хавфсиз ва тезкор ташишга ҳисса қўшади.

Шунингдек, COVID-19 га қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жадал олиб борилаётган ҳозирги даврда уларни адолатли тақсимлаш муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan