Uncategorized

Фирдавс ШАРИПОВ: Юрти тинчнинг ўзи тинч

Мустақиллик ҳақида ўйларкансиз беихтиёр ҳуқуқ, озодлик, эркинлик, тенглик, чексиз имкониятлар ҳамда бахтиёрлик каби тушунчалар тафаккурингизни чулғаб олади. Келинг, сиз билан истиқлол билан боғлиқ айрим масалалар хусусида фикрлашсак.

Аввало, мустақиллик туфайли Ўзбекистонни дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакати тан олди, 125 дан ортиқ мамлакат билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатилди.  Мустақиллик йилларидаги тараққиёт, ривожланишнинг дастлабки йигирма беш ҳамда кейинги беш йили мамлакатимиз тараққиётида алоҳида из қолдирди. Дастлабки чорак асрни  юртимизнинг озодликка эришиш ва унинг пойдеворини яратиш даври деб қаралса, сўнгги беш йил мисолида эса тамомила янги қиёфадаги Ўзбекистон, яъни, том маънодаги Янги Ўзбекистонни кўришимиз мумкин.

Фикримнинг исботи сифатида ҳаётимизда акс этган, кўз ўнгимизда рўй бераётган, халқимизни рози қилган айрим масалаларга тўхталиб ўтаман.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилди, чегаралар очилди, бу билан минтақа халқлари ҳаётида ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган янги давр бошланди.

Иқтисодий соҳадаги муҳим муваффақиятлардан бири сифатида – валюта бозори эркинлаштирилганини, аҳолиини қийнаган нақд пул билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилганига эътироф этиш мумкин. Тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч — тадбиркорликка катта эътибор берилаётгани туфайли мамлакатимизда бизнес муҳити яхшиланиб, унинг инвестициявий жозибадорлиги ошди, ишбилармонлар учун мисли кўрилмаган имтиёзлар берилди, солиқ, бож, рухсат бериш соҳасидаги тартиб-таомиллар  соддалаштирилди.

Йилнинг ярмидан кўпроғини пахта далаларида ўтказишга мажбур бўлган, аммо косаси оқармаган деҳқонлар, асосий вазифаси унут бўлаёзган муаллимлар, шифокорлар ва бюджет ташкилотлари ходимлари ўзини таний бошлади. Мажбурий меҳнатга, шу жумладан, болалар меҳнатига барҳам берилди.

“Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилди. Барча даражадаги давлат органлари ўз кабинетини маҳаллаларга, халқнинг уйига кўчирди.

Оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги, қарорлар қабул қилинишидаги роли кескин оширилди.

Номарказлаштириш бўйича изчил сиёсат олиб борилди. Маҳаллий бюжетлар ихтиёрида даромадлари қолдириладиган бўлди. Ҳокимлар ҳам ўз ҳудудидаги муаммоларини ҳал қилиш учун қўлида дастмоя пайдо бўлди. Ўрни ва дадил сўзига эга бўлди.

Давлатни юксак марраларга олиб чиқиш учун мутахассис-кадрларнинг ўрни беқиёс. Шу маънода, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришилди. Олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, умумий қамров 28 фоизга етди. Таққослаш учун, тўрт йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этган. Энди, тасаввур қилинг, бу билан олий таълим олишга бўлган ҳуқуққа қўйилган сунъий тўсиқларнинг бартараф этилиши натижасида қанчадан-қанча ўғил-қизларимиз талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Давлатнинг аҳоли, фуқаролар оғирини енгил қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг яққол мисоли Давлат хизматлари марказлари фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Бугунги кунда мазкур марказлар орқали ёки уйда туриб электрон имзодан фойдаланган ҳолда давлат хизматларидан фойдаланиш турлари юздан ошиб кетди. Ўйлаб кўринг, атиги уч-тўрт йил илгари буни тасаввур қилиш мумкин эдими? Бу билан ортиқча оворагарчиликларга, бюрократия ва қоғозбозликка барҳам берилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Авваллари ҳеч ақлимизга келмаган, бу иборани ишлатсак танобимиз тортиладиган камбағаллик давлат томонидан расман тан олиниб, уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув бошланди. Алоҳида вазирлик ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудда шу масалага масъул бўлган ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари” йўлга қўйилиб, бу орқали кўплаб ўксик кўнгилларга малҳам бўлмоқда. 

Яна бир гап, йиллар давомида шу юртда яшаб, оила қуриб, меҳнат қилсангда ушбу юртнинг фуқароси бўлмасанг ўз уйингда бегонадек бўларкансан. Бу гапни шу каби кўплаб фуқаролардан эшитардик, улардан бу масалани ҳал қилиш бўйича мурожаатлар қабул қилардик.  Президентнинг ташаббуси билан 2020-2021 йиллар давомида 80 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароликка қабул қилинди, қонун билан бу борада аниқ ва соддалаштирилган тартиб жорий этилди.

Шу билан бирга, дунёнинг 90 мамлакати учун визасиз, 48 мамлакат фуқаролари учун эса визасиз транзит режими жорий этилгани фуқароларимизнинг чексиз хурсанд қилган бўлса, мамлакатмизда туризмнинг ривожи учун муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Қўлга киритилган ютуқлар, ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Фикр-мулоҳазаларимиз якунида донишмандларимизнинг “юрти тинчнинг ўзи тинч”, деган пурмаъно ҳикматларини келтиришни жоиз билдик. Зеро, тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади, мамлакат гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровон бўлади. Тинчлик-осойишталикка эса ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ҳаммамиз буни тўғри англашимиз ва қадрлашимиз керак.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan