Термиз шаҳридаги Президент мактабида камондан отиш ва чавандозлик спорт йўналишлари бўйича машғулотлар олиб борилди
Ёшларни от спорти ва камондан отиш спорт турларига кенг жалб этиш, уларни миллий ва қадимий ўйинларимизга қизиқтириш мақсадида, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида жойлашган Президент мактабида, Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан кўргазмали амалий ўқув машғулотлар ташкил этилди.

Бу жараёнда ўғил-қизларга тажрибали мураббийлар томонидан камондан отиш техникаси ва сир асрорлари борасида маълумотлар берилиб, ёшлар амалий тарзда ўз мерганлик маҳоратларини синаб кўрдилар. Эндиликда мазкур таълим муассасасидаги ўқувчилар учун ҳам камондан отиш спорт тури секция фаолиятини йўлга қўйиш белгилаб олинди. Тадбир давомида иштирокчилар Қорабайир отларини миниб кўриб, бу зотдаги тулпорлар ҳақида ҳам тегишли тушунчаларга эга бўлдилар. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан ўқувчи ёшларга қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди. Ўтказилган бу каби тадбирлар, ёшларимизни миллий қадриятларимиз руҳида ватанпарвар этиб тарбиялаш, мазкур спорт турларига муносиб иштирокини таъминлаш, қизиқишини оширишга хизмат қилади.
