Uncategorized

Бугун Aнгор туманида Сурхондарё вилояти ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг навбатдаги сайёр қабули бугун Ангор туманининг “Юқори Таллимарон” маҳалласида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда фуқаролар ичимлик суви таъминоти, йўлларни таъмирлаш, коммунал хизмат кўрсатишдаги муаммолар, шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилишди.

Жумладан, фуқаро Чори Ёрматов маҳалла ички йўлларини тошлаш, зовурларни қазишда ёрдам сўради. Убайдулла Номозов маҳаллада тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммо юзага келганини айтди. Абдусаттор Худойқулов эса ҳудуддаги аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ врачлик пунктини ташкил қилиш таклифини билдирди.

– Маҳалламиз ҳудудида ғишт ишлаб чиқариш цехи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музхона омбор ташкил қилиб, кўплаб ёшларнинг бандлигини таъминлаганмиз, – дейди ёш тадбиркор Маҳмуд Панжиев. – Бугунги сайёр қабулда тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида товуқхона ва иссиқхона ташкил этиш учун 200 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам сўрадим. Вилоят ҳокимимиз 1 ҳафта муддатда банк кредити ажратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ бердилар.

Сайёр қабул чоғида маҳалладаги муаммолар, камчиликлар хусусида 30 дан ортиқ мурожаат тингланиб, уларнинг ечими бўйича аниқ муддатли чора-тадбирлар белгиланди, мутасаддилар зиммасига вазифалар юкланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan