ЖАМИЯТ

СОҒЛОМ ФАРЗАНДЛАР КЎПАЙСИН

2020 йилнинг дастлабки кунида кўплаб оилаларда фарзандлар дунёга келди. Diyor24.uz канали мухбирлари вилоят перинатал маркази ҳамда Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида бўлиб, жорий йилнинг дастлабки кунида туғилган чақалоқларнинг соғлиги билан танишишди.

-Янги йилнинг дастлабки куни эрталаб вилоят перинатал марказида уч нафар чақалоқ дунёга келишди, -дейди марказ директори ўринбосари Моҳира Норпўлатова. –Она ва бола учун марказимизда барча шароитлар мавжуд ҳамда туғилган чақалоқлар ва уларнинг оналари соғлом.

Термиз шаҳрида яшовчи Шаҳноза Тошмуродова учун ҳам 2020 йил қутлуғ келди. Боиси оилада икки нафар ўғил фарзанд бор ва оила қиз фарзанд кутишаётган эди. Бугун бу оилада кутилган қиз фарзанд ҳам дунёга келди. Оиланинг барча аъзолари бундан хурсанд. –Айниқса, ўғилларим бундан жуда хурсанд. Энди бизнинг ҳам синглимиз бор, дейишиб хурсанд бўлиб юришибди, –дейди Шаҳноза Тошмуродова.