Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки сотиш тақиқланиши мумкин. Бу масала Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, йиғилишда иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тортишувлар асосида муҳокама қилинган.
Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг, аввало, 21 ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш мақсадида қабул қилинмоқда.
Хабарга кўра, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган. Жумладан, АҚШ ва Қозоғистонда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки сотиш тақиқланиши, Туркманистонда, Индонезияда 21 ёшга тўлмаганларга, Ҳиндистоннинг 17 та штатида эса 21–25 ёшга тўлмаганларга алкоголь сотиш тақиқлангани инобатга олиниб, мамлакатда ҳам бу борада ёшга доир тақиқни 21 ёшгача ошириш таклиф этилмоқда.
Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат кафолати, бу борадаги профилактика тадбирларини амалга ошириш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тушунчаси ёритиб берилмоқда. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланган.