Uncategorized

ХАЛҚАРО ФИТОСАНИТАРИЯ СЕРТИФИКАТИ БЕРИЛМОКДА

Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини ва  ҳимояси бошқармаси чегара масканлари орқали жорий йилнинг тўққиз ой даврида хорижга жўнатилаётган   191 минг 811,1 тонна, 82 минг 978 дона карантин остидаги маҳсулотга 8 минг 183 дона халқаро фитосанитария сертификати берилди.

Мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар экспорт хилма-хиллигини кўпайтириш, мамлакатимиз тадбиркорлари  учун янги хориж бозорларини очиш ва  ҳудудимиздан фитосанитар тоза маҳсулот чиқарилишини таъминлашда ўз самараларини бермоқда. Бу жараёнда соҳа мутахассисларининг маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифати ва натижадорлиги ошиб бораяпти.

Қўшни Афғонистон, Россия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Украина, Озарбайжон, Беларуссия, Латвия, Туркия, Нидерландия, Германия, Эрон, Жанубий Корея каби давлатларга барча турдаги сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар, узум, қуруқ ва хўл мевалар, анор, буғдой ва барча турдаги техник юклар экспорт қилинаётгани бунга яққол далилдир.

Мамлакатимиздан экспортга жўнатилаётган ва унинг ҳудудига олиб кирилаётган ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотларни, ўсимликларнинг зарарли организмларини олиб ўтиши мумкин бўлган уруғларни, ўсимликларни, ўсимликлар карантин текширувидан, лаборатория экспертизасидан ўтказишда халқаро норма ва қоидаларга, давлат карантин фитосанитария тадбирлари ва давлатлар ўртасидаги савдога кўмаклашишни мувофиқлаштиришга таяниб иш олиб борилмоқда. Ушбу  замонавий тизим мамлакатимиз ҳудудидан фитосанитар тоза маҳсулот чиқарилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш муҳимки, мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотларни экспорт қилиш “Ўсимликлар карантини тўғрисида“ги қонун ва Низомга, Халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқ бошқа қонуности хужжатларига асосан амалга оширилади. Бунда маҳсулот Ўзбекистон Республикаси худудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатига кирмаган бўлиши керак. Шунингдек, маҳсулот экспорти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига карантин остидаги маҳсулотни юклаб жўнатиш санаси тўғрисида камида 10 кун олдин хабар бериши лозим.

Жойларда экспортга юкланадиган маҳсулотларнинг транспорт воситалари зарарсизлантирилиб, ички фитосанитария сертификати билан таъминланади. Шунга асосан ташқи иқтисодий фаолият карантин инспектори томонидан карантин назоратидан ўтказилиб халқаро фитосанитария сертификати берилади. 

Вилоятда янги карантиндаги зарарли организмларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши, шунингдек, уларга қарши курашиш ва ҳамкор давлатлар ҳудудида улар тарқалишининг олдини олиш чоралари тўғрисида маълумот алмашиш йўлга қўйилган. Бу карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзитини тартибга солишда муҳим омил бўлмоқда.

Туман агроном инспекторлари карантин ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг тарқалишига йўл қўймаслик ва йўқ қилишни ташкил этиш юзасидан қатор семинарлар ташкил этмоқда. Аҳоли ва томорқа ер эгалари, тадбиркорлар билан давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларга ҳуқуқий консальтинг маслаҳатлар ҳам бериб борилмоқда.

Юсуф Тошболтаев, Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ташқи карантин бўлими бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan