Uncategorized

Тошкентдаги деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари сотувга чиқарилиши мумкин

regulation.gov.uz порталига муҳокамага қўйилган “Бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда улардаги давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шу ҳақда маълум қилинган.

Қонун лойиҳасида вазирликлар, давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларга тегишли бозорлардаги улушларни босқичма-босқич сотиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бозорлар фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилади. Тадқиқот натижаларига кўра, улар аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни тайёрлайди. Қолаверса, бозор ва савдо комплекслари бўйича давлат улушларини сотиш шарти сифатида уларни замонавий кўринишга келтириш, зарур инфратузилмани шакллантириш, уларда кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш, деҳқон, фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш юзасидан талабларни ишлаб чиқади.  

 Лойиҳада қайд этилишича, комиссияларга бозорларни сотишга тайёрлаш ва уларни аукционга қўйишда кўмаклашиш мақсадида бозор ва савдо марказларини бошқариш бошқармаси ташкил этилади. Зарур ҳолларда бозорларни баҳолашга профессионал аудиторлар ва маслаҳатчилар жалб қилинади.  

 Қонун лойиҳасининг иловасида хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган бозорлар ва савдо мажмуалари рўйхати келтирилган. Рўйхатга 61 та банд киритилган бўлиб, улардан 20 таси пойтахтимизда. Жумладан, Олой, Чилонзор, Юнусобод, Миробод, Қўйлиқ, Фарҳод бозорлари, Аския ва Эски-жува деҳқон бозорлари, шунингдек, Чилонзор, Чорсу, Ўрикзор ва Бек-тўпи савдо комплекси сотувга қўйилиши белгиланган.  

 Шунингдек, ушбу лойиҳа билан 12 та бозорни ёпиш кўзда тутилган. Улар Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги бозорлар.  

 Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси 16 ноябргача давом этади.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan