Uncategorized

42 йилдан деганда “Толибон” Афғонистон аҳолисини рўйхатга олмоқчи

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати мамлакат аҳолисини рўйхатга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Толибон” томонидан Ахборот ва маданият вазири ўринбосари этиб тайинланган Забиҳулла Мужоҳид маълум қилган. 

“Бугун йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашувда иқтисодиёт ва турли инфратузилма лойиҳалари муҳокама қилинди. Мамлакат демографик хизмати фаолияти билан боғлиқ масалалар кўтарилиб, Афғонистон аҳолисини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилган хабарда. 

Йиғилишда бундан ташқари, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, диний етакчиларнинг малакасини ошириш зарурати, соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазият ва ТАПИ транс-афғон газ қувури лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган. 

Маълумот ўрнида, Афғонистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1979 йилда ўтказилган бўлиб, унинг натижаларига кўра мамлакатда 15,5 миллион киши истиқомат қилган. 

Афғонистон Ислом Республикаси Миллий статистика ва ахборот бюросининг 2020 йил якунига кўра эълон қилинган ҳисоб-китобларида мамлакатда 32,9 миллион киши истиқомат қилиши, улардан 16,8 миллиони эркаклар, 16,1 миллиони аёллар экани айтилган. Таъкидланишича, шаҳар аҳолиси 8 миллионга яқин, қишлоқ аҳолиси — 23,4 миллион, кўчманчилар — 1,5 миллионни ташкил қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan