Uncategorized

ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси матбуот маркази томонидан журналистлар учун Ангор туманидаги сайлов участкаларига пресс-тур ташкил этилди.

Маълумот учун, туманда 38 та сайлов участкаси фаолият юритмоқда. Президентлик сайловида ҳудуддан 75 минг 300 дан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Ҳозирги кунда уларнинг 1 минг 885 нафари муддатидан олдин овоз берди.

Журналистлар дастлаб “Маданият” маҳалласидаги “Ишга марҳамат” мономарказида фаолият юритаётган 142-сайлов участкасида бўлиб, сайловчиларга яратилган шароитлар билан танишишди.

Мазкур участка сайлов комиссияси 13 нафар аъзодан иборат. Участкада 1 минг 416 сайловчи руйхатга олинган бўлиб, 132 нафар ёшлар ушбу сайловда илк марта овоз беради.

Пресс-тур иштирокчиларида вилоятда ягона Мономарказ ҳам катта қизиқиш ўйғотди. Собиқ коллеж биносини қайта реконструкция қилиш учун 14 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланди. Mазкур Мономарказ хорижнинг 47 минг долларлик замонавий ускуна ва жиҳозлари билан таъминланди. 

Мономарказда 23 та касб бўйича ўқитиш имконияти мавжуд. Қисқа вақтда бу ерда 231 нафар вақтинча ишсиз фуқаролар касб ўрганиб, махсус сертификатга эга бўлди. Айни пайтда яна 236 нафари ўзлари танлаган касб сирларини ўрганмоқда.

Шундан сўнг иштирокчилар тумандаги давлат хизматлари маркази биносида жойлашган 133-сайлов участкасида бўлишиб,  бу ерда 24-октябрь куни Ўзбекистон маҳалласи фуқаролари овоз бериш учун яратилган шароитлар билан қизиқди.

Маълумотларга кўра, сайлов участкасида 2 минг 79 нафар сайловчи руйхатга олинган. Уларнинг 33 нафари биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшлар, 46 нафари эса кўчма овоз бериш қутиси орқали овоз берувчи ногиронлиги бор фуқаролардан иборат.

Журналистлар бинода сайлов комиссияси аъзолари учун ажратилган хоналарнинг жиҳозланиши, кузатувчилар учун ажратилган жойлар ва сайловчиларга яратилган қулайликларни кўздан кечирди.

Иштирокчиларнинг кейинги манзили тумандаги Юқори хўжақия маҳалласида “Angor Index” масьулияти чекланган жамияти шаклидаги йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасида бўлди.

Қиймати 140 миллиард сўмлик янги иншоотда 1 минг 400 та  иш ўрни яратилиши кўзда тутилган савдо комплексининг майдони тўрт гектар ерни ташкил этади. Замонавий мажмуада 760 та савдо дўкони ҳамда темирчилик, мебель ишлаб чиқариш, тикувчилик цехлари ташкил этилади.

Куннинг иккинчи ярмида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси матбуот марказида навбатдаги матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Унда округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Чори Қурбонов иштирокчиларга вилоятда муҳим сиёсий кампанияга кўрилган тайёргарлик ва муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan