Uncategorized

CУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА САЛОМАТЛИК АКЦИЯСИНИНГ ИККИНЧИ БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида саломатлик акцияси ўтказиб келинаётгани ҳақида хабар бериб келмоқдамиз. Шу кунга қадар мазкур акция доирасида Наманган, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида “темир дафтар”га киритилган ижтимоий ёрдамга муҳтож ва соғлигида муаммоси бўлган фуқаролар тиббий ёрдам билан қамраб олинди.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятида саломатлик акциясининг иккинчи босқичига старт берилди. Мазкур йирик акция доирасида ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахслар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланади. Жараёнга пойтахтдан 100 нафарга яқин, вилоят муассасаларидан 80 нафар, туманлардан 153 нафар мутахассислар жалб этилган.

Вилоятдаги 721 та маҳаллада яшовчи 2 млн 681 минг нафар аҳолидан 269 нафари “темир дафтар”га, 3475 нафари «аёллар дафтари»га киритилган.

Акция давомида бир қанча жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, эндопротезлаш, юракка стент ўрнатиш, юрак қон-томир операциялари, шунингдек, буйрак трансплантацияси каби энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари тиббий кўрсатмага қараб, вилоят ёки пойтахтимиздаги энг нуфузли муассасаларда бепул амалга оширилиши мўлжалланган.

Ушбу жараёнларни ташкил этиш учун маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 660 млн сўм маблағ ажратилган. Бу маблағлар, асосан, эндопротезлаш ва стентлаш жарроҳлик амалиятларининг сарфлов материаллари учун йўналтирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan