Uncategorized

Афғонистон иқтисоди энди қулайдими – уни нима кутмоқда?

Толибон 20 йил ўтиб ҳокимиятга қайтди. Аммо уларга ҳеч қандай ҳарбий қаршилик қолмаган бўлса ҳам, қулаш арафасидаги иқтисодга юз тутиб туришибди. Бу эса шундоқ ҳам абгор гуманитар инқирозни баттар чуқурлаштириши мумкин, деб ёзмоқда ББС.

Жангари гуруҳ 15 август куни мамлакат назоратини қўлга олганида Афғонистоннинг ички банк тизими музлаб қолди. Банклар олдида узун навбатлар пайдо бўлди, уларнинг аксари ёпилди, банкоматлардан пул олиб бўлмай қолди. Нақд пул ололмаган одамлар борган сари чорасизлана борди.

Иқтисод аллақачон ўта мўрт, ташқи ёрдамга ўта қарам эди. Мамлакат ЯММнинг 10 фоиз ва ундан ортиқ қисми хорижий ёрдамдан келса, у ёрдамга қарам ҳисобланади. Жаҳон Банкига кўра, Афғонистонда бу рақам 40 фоизни ташкил қилган.

Толибон Кобулни эгаллаши аниқ бўлиб қолганда, Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ва Германия мамлакатга ёрдамни тўхтатиб қўйди. Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Фонди ҳам тўловларни тўхтатди.

Афғонистон Марказий банки бўлмиш Да Афғонистон банки (ДАБ)нинг хориж заҳираси ҳам музлатиб қўйилди. ДАБнинг заҳираси ҳозир тақрибан 9 млрд доллар бўлиб, бунинг асосий қисми АҚШда сақланади.

ДАБнинг собиқ раҳбари Ажмал Аҳмадий ўтган ҳафта Кобул эгалланганида АҚШ ҳарбий учоғида мамлакатдан қочгани ҳақида твит ёзди.

Унинг айтишича, ДАБнинг заҳираси, АҚШ Ғазнаси облигациялари ва олтин хорижда, халқаро стандартларга мувофиқ хавфсиз сақланади.

«Толибон Афғонистоннинг умумий халқаро заҳирасининг эҳтимол 0.1 0.2 фоизини ола билиши мумкин. Кўп эмас», деб қўшимча қилди у.

Ўтган ҳафта Байден маъмурияти мулозими Би-би-сига «Афғон Марказий Банкининг АҚШда сақланаётган активларининг ҳеч бири Толибонга берилмаслиги»ни тасдиқлади.

Одамлар гала гала бўлиб Толибондан қочиш учун аэропортга ёпирилган, оммавий ҳижрат бошланган бир вақтда, иқтисод ишлашдан тўхтаб қолган. Кобулдаги бир валютафурушнинг «Wall Street Journal»га айтишича, айрим кўчмас мулк эгалари ижарадорларидан текинга бўлса ҳам яшаб туришларини сўраганлар, «чунки уй бўш турган бўлса, Толибон уни олиб қўйиши мумкин».

Яқинда «Financial Times»да чиққан мақолада жаноб Аҳмадий Толибон ноқонуний кончилик, афюн етиштириш ёки савдо йўлларидан етарлича даромад олади деган даъво «ўта оптимистик» деб ёзди.

«Толибоннинг бу каби манбалардан оладиган даромади исёнчилик фаолиятини молиялаш учун етарли, аммо нормал ҳукуматни йўлга қўйиш учун мутлақо оз», — деди у.

Жаҳон банкига кўра, ташқи ёрдамдан ташқари ЯММнинг яна 4 фоизи афғонларнинг хориждан ишлаб юборадиган пулларига тўғри келади. Бу эса мамлакат дунёда хориждан пул жўнатмаларига энг қарам давлатлардан бири эканини кўрсатади.

Аммо Толибоннинг ҳокимиятни эгаллашига жавобан Ғарб давлатлари ташқи ёрдамни тўхтатди, «Western Union» ва «MoneyGram» каби компаниялар ҳам ўз хизматини тўхтатди, бу эса оилаларнинг ватанига пул юборишини анча қийинлаштирди.

Ўтган ҳафта баёнот берар экан, «Western Union» хизматларининг тўхтатилиши афғонларга кучли таъсир қилишини билишини айтди.

«Ўз хизматларимиз мижозларимизга ўз яқинларига ёрдам беришида муҳим канал эканини биламиз ва биз тез ўзгараётган вазиятни яқиндан кузатиб, мижозларимиз ва ҳамкорларимизни ўзгаришлардан вақтида бохабар қилиб турамиз», дейилади баёнотда.

Натижада фуқароларда нақд пул қолмаган, банкларнинг деярли бари ёпилган, одамлар доллар ололмаяпти.

Нобарқарор сиёсий вазият сабабли шундоқ ҳам қадрсиз бўлган маҳаллий валюта – афғоний янада қадрини йўқотган.

Одамлар ўз аҳволларини @HearAfghanWomen «Twitter» аккаунт орқали аноним тарзда билдирмоқда.

Бир аёл твит ёзади: «Ёқилғи жуда қиммат, барча банклар ёпиқ, Кобул дўконларида озиқ овқат танқис, мобил алоқага пул ўтказа олмаяпман, камига, ҳаётимиздан хавотирдамиз».

Бошқа бир жойда аккаунт одамлар уйидаги буюмларни кўчаларда сотаётгани айтилади.

«Ўтган бир неча кунда, бутун Афғонистон бўйлаб банклар олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди, банкларда эса пул йўқ», дейди Лондон Иқтисод Мактаби профессори Фавас Гергес Би би сига.

«Қўлингизда афғоний бўлишининг аҳамияти йўқ, чунки бу пул ўз қадрини йўқотиб бўлган. Афғонийни қўллаб келган марказий банк, ресурслар, активлар, бари музлатилган.»

Афғонистон иқтисодига ишонч тушгани сари афғон пули ҳам қулади, дейди проф. Гергес. Фуқаролар хорижий ноҳукумат ташкилотлар ва гуманитар ёрдамга суяниб қолди.

Булардан ташқари, Афғонистон даҳшатли қурғоқчиликни бошдан кечирмоқда, БМТ ҳисоб китобига кўра, бу мамлакатдаги болаларнинг ярмини оч қолдиради.

«Бу уч йил ичидаги иккинчи қурғоқчилик», дейди проф. Гергес. Афғонистон, дейди у, аллақачон озиқ овқат хавфсизлиги бўйича дунёда энг ёмон иккинчи давлатдир. Қашшоқлик юқори, соғлиқни сақлаш тизими Ковид 19 пандемияси сабабли «синар вазиятда» турибди.

«Толибоннинг келиши аввалдан мавжуд бўлган муаммоларни янада чуқурлаштирди, – деб қўшимча қилади у. – Ҳозир Афғонистонда мукаммал довулни кўряпмиз, мукаммал довул деганда бир қанча инқирозларнинг бир вақтда юз беришини назарда тутяпман. Бу Сурия ва Яманда бўлгани каби Афғонистоннинг фожеали гуманитар инқирозига сабаб бўлиши мумкин.»

Халқаро етакчилар Толибон ўзининг самарадорлигини кўрсатишни исташига, хорижий ёрдамни олиш учун муросага боришига умид қилмоқда.

Масалан, G7 раҳбарларининг виртуал саммитига раислик қилган Британия Бош вазири Борис Жонсон давлатлар Толибонга таъсир ўтказиш учун «иқтисодий, дипломатик ва сиёсий кучли дастакка эга»лиги, жумладан, халқаро ёрдамларни ушлаб қолиши мумкинлигини айтди.

G7 давлатларига Британия, АҚШ, Канада, Франция, Германия, Италия ва Япония аъзодир.

Проф. Гергеснинг айтишича, G7 давлатлари «калтак ўрнига сабзи ишлатмоқчи».

«Менга Ғарб давлатлари ва АҚШ муайян шартлар асосида муносабатга киришмоқчидек туюляпти, яъни Толибон Афғонистоннинг ташқи заҳираси ва Барказий банки активларини олиш учун муайян шартларни бажариши керак.

Иқтисодий нуқтаи назардан, дейди у, «менимча, Толибоннинг ўз манфаати, афғон халқини боқиш мажбурияти, ҳукуматда эканликларини, самарали бошқарувни йўлга қўйганликларини, ўзгарганликларини амалда кўрсатиш истаги бунга мажбур қилади».

Аммо бу улар ўз сиёсатлари ва мафкураларида муросага боришлари учун етарлими? Буниси очиқ савол, дейди у.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan