Uncategorized

Сурхондарёда тинч ва фаровон эл тантанаси

Халқимиз мамлакатимиз тарихидаги буюк ва шонли сана – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини катта шоду хуррамлик билан байрам қилмоқда.

Термиз шаҳридаги Санъат саройи амфитеатрида бўлиб ўтган Сурхондарё вилоятининг асосий байрам тантаналари ҳам кўнгилларга кўтаринкилик, чексиз ғурур ва ифтихор бахш этди.

Тадбирга ишлаб чиқариш илғорлари, фермер ва тадбиркорлар, нуронийларимиз, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда қўшни давлатлардан келган меҳмонлар таклиф этилди.

Тантана аввалида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов воҳа аҳолиси ва шодиёнага ташриф буюрган меҳмонларни энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади. Халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилаётган ютуқ ва марралар, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритди.

Байрам дастури ҳар қачонгидан ўзгача бўлди.  Дастлаб саҳнага болакайлар чиқиб келди.  Уларнинг юз-кўзларида қувонч, дилларида олам-олам орзулар. Куй-қўшиқлари ҳам шунга монанд – бахт, шодлик, ёруғ келажак ҳақида.

Майдонда Ватан ҳимоячилари саф тортди. Уларнинг қадамлари зарби юракларни ларзага солди, мардонавор овози дилларга кўчди. Юртимиз санъаткорларининг турли тиллардаги қўшиқларни маромига етказиб ижро этиши байрам қатнашчиларига манзур бўлди. Турли бадиий ва саҳна кўринишлари, миллий-этнографик гуруҳларнинг чиқишлари, Ватан, мустақиллик ва мардлик тараннум этилган қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

Бир сўз билан айтганда, бу шодиёнада воҳадошларимизнинг кайфияти намоён бўлди. Ҳамма ич-ичидан шодланиб, шўх-шодон куй-қўшиқларга жўшиб рақсга тушди. Зотан ҳаётидан рози, эртасидан кўнгли тўқ одамларнинг юрагига ўйин-кулгу сиғади. Тинч ва фаровон элга мана шундай байрамлар ярашади.

Тантана сўнгида қалблардан тошаётган ҳаяжон мисоли самода ранг-баранг мушаклар порлади. Унинг нури одамлар юзини, бутун шаҳримизни ёритиб юборди. Ёғдуларга боқиб дилда ёруғ ниятлар туғилди:

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Эзгу мақсад ва орзуларимиз рўёбга чиқсин!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan