Uncategorized

АҚШ Афғонистонга қўшимча куч юборди

АҚШ кучлари Афғонистонни тўлиқ тарк этишига бир неча ҳафта қолар экан, Вашингтон минглаб ҳарбийларни Кобулга йўлламоқда, деб хабар бермоқда «Америка Овози».

Отрядлар мамлакатдан чиқиш миссиясининг сўнгги босқичида дипломатлар ва афғон иттифоқчиларни ҳимоя қилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон 12-август куни баёнот берди.

АҚШ тренингларидан ўтган, Вашингтон ҳарбий техника ва қурол етказиб берган Афғонистон кучлари Толибон билан тўқнашувда кетма-кет мағлубиятга учрамоқда. Бир ҳафтадан кам муддатда мамлакатнинг 34 вилоятининг қарийб ярмида пойтахт шаҳарлар Толибон қўлига ўтган.

3000 Америка аскари Кобулга 24-48 соат ичида етиб бориши кутилмоқда.

Шунингдек, 1000 нафар ҳарбий Афғонистондан чиқиш миссиясини масофадан мувофиқлаштирувчи Қатардаги марказга жўнатилмоқда. Улар АҚШ кучларига хизмат қилган афғонларга махсус иммиграцион виза беришга доир жараёнга кўмаклашади.

Бундан ташқари, АҚШнинг Қувайтдаги ҳарбий базасига 82-ҳаво десантлар дивизиясининг 4 мингга яқин аскарлари йўлланмоқда. Улар Афғонистонда фавқулодда вазият юз берган тақдирда, қўшимча куч сифатида резервда шай туради.

“Бу Американинг чекиниши эмас. Эвакуация ҳам эмас. Бу Афғонистондаги АҚШ фуқаролари сонини қисқартириш. Улар ўзларининг профессионал фаолиятини бошқа мамлакатларда давом эттиради”, – деди Давлат департаменти сўзловчиси Нед Прайс.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг изоҳлашича, Афғонистонда АҚШ кучларининг уч баробарга кўпайтирилиши қисқа фурсатда юзага келган кескинлик шароитида ақлли қарор.

“Бу тор доирадаги вазифани бажаришга мўлжалланган қисқа муддатли миссия. Келгуси бир неча ҳафта мобайнида муайян шахсларнинг Афғонистондан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлайди”, – деди Кирби АҚШ элчихонаси ва Ҳамид Карзай аэропортини ҳимоя қилиш юклатилган 3000 кишилик қўшин ҳақида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan