Uncategorized

«ДИСПЛЕЙ СИНДРОМИ»: КОМПЬЮТЕР ҚАРШИСИДА КЎП ЎТИШИРИШНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Касб тақозоси туфайли кўпчилик узоқ вақт компьютер олдида ўтиради. Ҳар куни такрорланадиган бундай ҳолатдан кейин бора-бора кўзларда қизариш, оғриқ пайдо бўлиши бор гап. Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати директорининг ўринбосари Нурмат Атабеков бу борадаги тавсияларини ССВ Матбуот хизмати билан ўртоқлашди.

— Компьютер нурини «кесувчи» махсус линза ва кўзойнаклар тўлиқ ҳимояни таъминламайди. Улар қисман ёрдам беради, холос. Компьютерда ишлаш пайтида кўзлар толиқмаслиги учун махсус машқлар бажарилиши керак. Машқ қуйидагича амалга оширилади:

? 3-5 сония давомида кўзлар юмиб, очилади.
? Кўз қорачиғи ўнг, чап, юқори ва пастга қараб ҳаракатлантирилади.
? Нигоҳлар қурилма мониторидан «узилган» ҳолатда бошқа тарафга қаритилади.
? Кўзларда ачишиш сезилгани ҳамон уни юмиб, 3-4 дақиқа дам бериш керак.

Компьютердан кўп фойдаланганда кўзда оғриқ, қизариш, ачишиш, ёшланиш, пешона соҳасида оғриқ, тез чарчаш, ҳолсизлик кузатилиши “дисплей синдроми” дейилади.

Компьютер кўз нурини «ўғирламаслиги» учун:
✅ Монитор билан кўз оралиғидаги масофа 45 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак.
✅ Ташқаридан келаётган ёруғлик нури монитор экранига тушиб турмаслиги лозим.
✅ Экран юзасини тез-тез артиб туриш мақсадга мувофиқ. Нега деганда, у ўзида чанг зарраларини йиға олади.

Бўлажак оналар эски русумдаги компьютер бўладими ёки «notebook»ми – узоқ вақт фойдаланишдан сақланишлари керак. Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида компьютерлардан камроқ фойдаланган маъқул. Бордию, иш зарурати туфайли мажбур бўлинса, албатта, ҳар соатда танаффус қилиш керак.

Компьютерда узоқ вақт ишлаш тана қисмларининг бир хил ҳолатда қотиб қолишига олиб келади. Натижада, нафас олишнинг қийинлашиши, елка, бўйин мушаклари ва бош оғриғи, остеохондроз ҳамда қўл кафти бўғимларига салбий таъсири каби ҳолатларнинг олдини олиш учун, аввало, қулай стул ва стол танланишига аҳамият бериш лозим.

Гавдани тик тутиш қийин кечса, махсус болишлардан фойдаланса бўлади. Бундай болишлар елкадан хиёл пастроққа жойланиб, гавда текис бўлишига ёрдам беради. Мушаклар «сиқилиши»ни бартараф этишда жисмоний машқлар (ишда ўриндан туриб, хона бўйлаб юриш мумкин ёки зинадан тушиб, чиқиш) тавсия этилади.

Қўллар учун машқ:
??‍?Қўлларни 10-15 маротаба силкитинг.
??‍?Бармоқларни мушт тугиб, бўшатинг (10-15 марта).
??‍?Қўлларни мушт туккан ҳолатда айлантиринг (8-10 марта).
??‍?Бир қўл билан иккинчи қўл бармоқларини уқаланг.

Шунингдек, компьютер қаршисида ўтирганингизда ушбу етти муҳим қоидага амал қилинг:

1. Доим бошни тик тутиб ўтиринг.
2. Гавда ростланган бўлиши керак.
3. Иш жараёнида кўзларни тўғрига қаратинг.
4. Мониторга қаралганида кўзлар пастга эмас, балки қурилма баландлигига мос ҳолатда бўлиши керак.
5. Кафтлар ва билакларни эркин ҳолатда ушланг.
6. Оёқ тагига кичикроқ тахтача қўйиш мумкин.
7. Вақти-вақти билан қўлларни юқорига кўтариб бирлаштиринг ва гавдани ўнг, чап тарафга ҳаракатлантиринг.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan