Uncategorized

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари олий ўқув юртларига қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилинади

Президентимизнинг 28-июль куни Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолияти билан танишуви, шу масалада ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Президент Матбуот хизматининг брифингида мазкур тадбирлар тафсилоти ҳақида қўшимча маълумот берилди.

– Мамлакатимизда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаси бор. Умуман олганда, уларда шароитлар яхши. Моддий таъминотдан камчилик йўқ. Лекин давлатимиз раҳбарини кўпроқ ўйлантираётгани бу – болаларнинг тарбияси, битиргандан кейинги ҳаёти.

Очиғини айтганда, Меҳрибонлик уйларида болаларнинг характеридан, орзу-интилишларидан келиб чиқиб якка тартибда ишланмаган, уларнинг одоб-аҳлоқи, касб эгаллашига эътибор етарли бўлмаган. Тарбияланувчиларнинг олий маълумот олиши, иш топиши билан ҳеч ким шуғулланмаган.  

Шунинг учун Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул этиб белгиланди. Тарбияланувчиларни яхши ўқитиш, касбларга ўргатиш, спортга қизиқтириш йўлга қўйилади. Яна бир муҳим томони – бу йигит-қизлар Меҳрибонлик уйини битирганда Миллий гвардиянинг тавсияси асосида олий ўқув юртларига қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилинади. Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилади, – деди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Брифингда 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга  янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилиши ҳам айтиб ўтилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan