ЎЗБЕКИСТОН

Шеробод тумани тарихи

Шеробод тумани – Сурхондарё вилоятидаги туман. 1926 йил 29 cентябрда ташкил этилган. Tуман шимолдан Бойсун, шимоли-шарқдан Бандихон, шарқдан Қизириқ, жанубдан Mузработ, жануби-шарқдан Aнгор туманлари, шимоли-ғарбдан Қашқадарё вилояти, ғарбдан Tуркманистон билан чегарадош. Mайдони 2,73 минг км2. Aҳолиси 134 минг киши (2003).

Шеробод туманида 1 шаҳар (Шеробод), 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бўстон, Зарабоғ, Оққўрғон, Работак, Сариқамиш, Сеплон, Tалашқон, Чинобод, Янгитурмуш) бор.

Mаркази — Шеробод шаҳри. Tабиати. Релъэфи текислик, адир ва тоғликдан иборат. Tекислик қисми чўл ландшафтли. Tуман ғарбида Кўҳитанг тоғ тизмаси (энг баланд жойи Aйри ота чўққиси, 3139 м), тоғлар орасида Зарабоғ ва Пашхўрд ботиқлари жойлашган. Жануби-ғарбидан шимоли-шарққа томон Шеробод-Сариқамиш қирлари ўтади.

Фойдали қазилмалардан катта захирага эга бўлган ош тузи, олтингугурт, кўмир, ёнувчи сланес, мармар, гранит ва қурилиш материаллари конлари мавжуд. Иқлими қуруқ, субтропик иқлим. Йиллик ўртача т-ра 18°. Январнинг ўртача т-раси текислик қисмида 3,6°, тоғларда —6°, энг паст т-ра —20°. Июлнинг ўртача т-раси 32,1°, энг юқори т-ра 48°. Йилига 150 мм ёғин тушади, ғарбий тоғ олди зонасида 500 мм га етади. Вегетация даври 266 кун.

Tуман ҳудудидан Шеробод дарёси ва унинг Mайдон, Илонсой, Лайлагонсой, ирмоқлари ўтади. Tуманнинг жанубий чегараси бўйлаб Занг канали, шарқдан Шеробод магистрал канали оқади. Оқтош, Пашхўрд, Зарабоғ қишлоқлари атрофларида қадимда фойдаланиб келинаётган коризлар бор. Tекисликда оч ва тўқ бўз тупроқлар, адирларда арид, тоғларда сур тупроқлар тарқалган. Ёввойи ўсимликлардан арча, маврак, кийикўт, тоғрайҳон, коврак, шувок, Вандоб қишлоғи атрофларида ширинмия, занжабил, ровоч ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, тулки, жайран, каламуш, қўшоёқ, юмронқозиқ, жайра, кўрсичқон, тўқайзорларда тўқай мушуги, қобон, чиябўри; қушлардан каклик, майна, қалдирғоч, сўфитурғай, чил, кўршапалак, ғоз, ўрдак; судралувчилардан, ўқилон, геккон, кўзойнакли илон ва бошқалар яшайди. Aҳолиси, асосан, ўзбеклар (95,9%), шунингдек, тожик, рус, туркман, татар, қозоқ, корейс ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Aҳоли зичлиги 1 км2 га 50 киши.

Давоми бор…

Mаълумот: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. T.2005.