Uncategorized

Ўзбекистонда 2021-2022 ўқув йилларидан бепул мобиль болалар боғчаси ташкил этилади

“Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (494-сон, 03.08.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021–2022 ўқув йилидан республиканинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизими жорий этилади.

Қарор билан Мактабгача таълим мобиль гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мобиль гуруҳлар замонавий талабларга жавоб берадиган ва белгиланган нормативларга мувофиқ қайта жиҳозланган махсус автотранспортлар – автобуслар базасида ташкил этилади.

Бир мобиль гуруҳдаги болалар сони камида 16 нафар, кўпи билан 30 нафар бўлиши лозим.

Мобиль гуруҳларга болалар қуйидагилар асосида қабул қилинади:

боланинг қонуний вакиллари аризаси;
туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан бериладиган йўлланма;
бола соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома.

Мобиль гуруҳларда ўқув йили ҳар йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майигача ҳамда ёзги соғломлаштириш даври 1 июндан 31 августгача ҳисобланади.

1 сменадаги машғулотлар давомийлиги 3 соатгача бўлиши лозим.

Мобиль гуруҳларда давлат мактабгача таълим хизматлари бепул кўрсатилади.

Мобиль гуруҳларнинг иш тартиби 1 кунда 3 сменагача, ҳафта давомида 6 кунгача амалга оширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 сентябрдаги Ҳукумат қарорига асосан, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, тегишли 13 та туманда замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган ISUZU HC 40 автобусларида мобиль гуруҳлар тажриба-синов тариқасида ташкил этилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan