Uncategorized

Суриядаги террорчилар сафига қўшилмоқчи бўлган 26 ёшли андижонлик шахс қўлга олинди

Aндижонда интернет орқали Суриядаги террорчилик ташкилоти ёлловчилари билан алоқада бўлиб, уларнинг таъсири остида Сурияга кетишни режалаштирган 26 ёшли шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, И.О исмли мазкур шахс виртуал тармоқларда террорчиларнинг жиҳод қилишга ундовчи материаллар билан танишиб, уларни интернет тармоқларида тарқатиб келган.

Терроричилик гуруҳ ёлловчилари таклифига асосан фуқаро И.О. 2021-йилнинг апрел ойида Туркия давлатига чиқиб кетган. Маълум муддат террорчиларнинг Сурия ҳудудига ўтказиш билан шуғулланувчи масъуллари назоратида бўлган ва Сурия чегарасига ўтиш ҳудудида турк ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари доирасида И.О. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўзбекистонга депортация қилинган. Олиб борилган дастлабки терговга қадар текширув тадбирлари давомида жиноий фаолияти ўз тасдиғини топган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Қўқонда Суриядаги террорчилик ташкилоти таркибига кирмоқчи бўлган “Жиҳодчилар” оқими тарафдорлари фаолиятига чек қўйилгани, Жиззахда Суриядаги террорчилик ташкилоти таркибига кирмоқчи бўлган шахслар ушлангани, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, Aндижон шаҳрида “Жиҳодчилар” гуруҳи аъзолари қўлга олингани, Фарғонада эса “Ҳизб ут-Таҳрир” террорчилик ташкилоти фаолиятига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan