Uncategorized

Миллий дастур ва мобиль иловалар яратаётган ўзбек йигити

Ёш дастурчи жорий йилда “Kids video” мобиль иловасини ишга туширди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари кафедраси тадқиқотчиси Нурмуҳаммад Нурсаидов болалигидан илғор технологияларга қизиқади. Таълимнинг бакалавр ва магистратура босқичини шу йўналишда тамомлаган 27 ёшли қаҳрамонимиз бугунга қадар халқ таълими ва олий таълим тизими учун бир қатор фойдали дастурлар ишлаб чиқиб, уларни амалиётга кенг татбиқ этиб келмоқда.

Дастурчилик соҳасида ўзини ҳаваскорлар қаторига қўшадиган Нурмуҳаммаднинг бугунгача эришган муваффақиятлари оз эмас. Бу йўналишдаги қобилиятини талабалик давридаёқ намоён этган. Унинг дизайн тарихи фанидан ишлаб чиққан электрон дарслиги ўша вақтдаёқ катта шов-шувларга сабаб бўлди.

— 2015 йиллар эди. Ўшанда Ўзбекистонда бундай электрон дарсликлар ниҳоятда кам бўлган, — дейди Нурмуҳаммад Нурсаидов. — Ғоямни амалга оширганимда бу кўплаб талабалар, педагог ва соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотгани, уларнинг фаолиятида қулайлик яратганига гувоҳ бўлдим. Шундан сўнг бошқа фанлардан ҳам электрон дарсликлар ишлаб чиқдим. Кейинчалик ушбу дастурларни бойитиб бордим. Энди уларда бир нечта функциялар жамланган бўлиб, нафақат дарсликлардан фойдаланиш, балки талабаларнинг билимини синаш, видеодарслар томоша қилиш имкониятлари ҳам бор эди. Ундан кейин мобиль иловалар яратишга қизиқа бошладим. 2016 йилда бундай иловалар сони жуда кам, уларга бўлган талаб эса юқори бўлгани боис, мен яратган дастурларга бир зумда қизиқиш ортиб кетди. 1 йилда 100 мингдан ортиқ юклаб олинди. Бу эса интилишларимни оширди.

Нурмуҳаммад бирин-кетин йирик лойиҳаларга қўл ура бошлади. Фаолиятини Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан боғлагач, имкониятлари янада кенгайди. Университет ректори Қўнғиротбой Шариповнинг қўллаб-қувватлашлари остида бир қанча фойдали дастурлар ишлаб чиқди.

8000 дан ортиқ атама, тушунчалар учун таъриф ва изоҳлар ҳамда соҳада қўлланувчи жуда кўплаб қўшимча маълумотларни ўзида мужассамлаштирган “Иқтисодий терминлар луғати” мобиль иловаси ёш йигитнинг ана шундай йирик  лойиҳаларидан бири. Мазкур луғат олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходим ва талабалари, шунингдек, реал сектор корхона ва ташкилотларининг молия, ҳисоб, саноат ва ижтимоий муносабатлар, ташқи савдо билан шуғулланаётган мутахассис-ходимлари учун мўлжалланган бўлиб, қисқа вақтда унинг веб версияси (dictionary.tsue.uz) ҳам ишга туширилди.

Иқтисодий терминларнинг барини ёддан билиш осон эмас. Баъзан айтилиши ҳам жўн бўлмаган бу сўзларнинг изоҳини тушуниш учун луғатларга мурожаат қилишга тўғри келади. Аммо катта ҳажмдаги изоҳли луғатларни кўтариб юришнинг ҳар доим ҳам имкони бўлмайди. Қаҳрамонимиз иш жараёнида ана шундай қийинчиликларга дуч келди. Иқтисодий терминлар изоҳини интернет орқали излаганида, етарлича маълумотлар топа олмади. Шу важдан “Иқтисодий терминлар луғати” мобиль иловасини ишлаб чиқишга қарор қилди ва бунда асосан университет кутубхонаси ҳамда интернетдан иқтисодиётга оид янги терминларни йиғиб, устозлари кўмагида таржима қилди.

Илова оффлайн тарзда ишлайди. Қидирув орқали иқтисодиётга оид бирор сўз ёзилгани ҳамон экранда унинг изоҳи пайдо бўлади. Иқтисодий луғат фойдаланувчиларга тақдим этилганига 4 ой бўлди. Қисқа фурсатда мобиль иловани 5 мингдан ортиқ одам юклаб олди. Ҳозирда муаллиф иловани янада такомиллаштириш ҳамда овоз билан қидиришни жорий этиш устида иш олиб боряпти.

Фақат ўзбекча “гапирадиган” youtube

Қаҳрамонимиз бугунга қадар мобиль иловалар учун 15 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари ҳамда патентларни қўлга киритган. Унинг Ахборот технологияларининг барча соҳа ва йўналишлари бўйича дарслар, видеолар, маслаҳатлар ва IT соҳаси бўйича ўзбек тилидаги манбалардан бепул фойдаланишга мўлжалланган “IT online” мобиль иловаси, ахборот-коммуникация технологияларига оид “AKT izohli lug‘ati” мобиль иловаси,  университетда электрон китобларни онлайн ўқиш, фойдаланиш, баҳолаш ҳамда юклаб олишга мўлжалланган “ebook.tsue.uz” тизимидан соҳа мутаҳхассислари кенг фойдаланиб келмоқда.

Жорий йилда Нурмуҳаммад яна бир катта янгиликка қўл урди. Минглаб ота-оналарнинг илтимоси асосида “Kids video” мобиль иловасини ишга туширди.

— Рақамли дунё бизнинг олдимизга икки муҳим вазифани қўймоқда — ҳар бир бола учун интернет тармоғининг фойдасини максимал даражада ошириш ҳамда унинг салбий таъсирини камайтириш, — дейди ёш дастурчи. — Таҳлилларга кўра, интернетдан фойдаланувчилар орасида болалар ва ўсмирлар сони ҳар йили ортиб бормоқда. Замонавий авлод бугунги даврни дунё ўргимчак тўрисиз тасаввур этолмайди. Шу билан бирга, улар, афсуски, кўпинча текширилмаган, сифатсиз, нафақат компьютерлари, балки ўзларига ҳам зарар келтириши мумкин бўлган хавфли маълумотларни танқидий баҳолашга тайёр эмаслар. Шу боис, уларга ижтимоий тармоқлар, айниқса, тобора оммалашиб бораётган “youtube” платформаси жиддий таҳдид саналади. Ушбу платформада болалар учун хавфли бўлган баннерлар, қалқиб чиқувчи ойналар, сценарий ва бошқа методлардан фойдаланилади. Ана шундай хавфларнинг олдини олиш, болаларни номақбул маълумотлардан ҳимоялаш мақсадида “Kids video” мобиль иловасини ишлаб чиқдик.

Иловада видеолар автоматик тарзда фильтрланади. Унга фақат сараланган, менталитетимизга хос, бола руҳиятини кўтарувчи ўзбек тилидаги мультфильм, кинофильмлар, барча соҳаларда таълим берадиган видео материаллар, ўғил-қизлар учун қизиқарли ўйинлар, эртак, қўшиқ, ҳикоялар ҳамда турли маълумотлар жойлаштириб борилади.

Мазкур илова дизайн ва ранглар жиҳатидан “youtube” платформасига ўхшаш. Муаллифнинг айтишича, бунинг ўз сабаби бор. Гап шундаки, бола, биринчи навбатда, “youtube”нинг асл платформасидан фарқ сезмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда мобиль иловани 15 дан ортиқ давлатларда ўзбек оилалари юклаб олмоқда. Шу билан бирга, дастурни такомиллаштириш ишлари ҳам давом этяпти.

Қаҳрамонимиз рақамли иқтисодиётдан ташқари, ахборот технологиялари, ҳозирда ривожланиб бораётган сунъий интеллект, робототехникага ҳам қизиқади. Айни пайтда Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари кафедраси доценти Бобур Вафоев илмий раҳбарлиги остида “Ўқув жараёнини рақамлаштиришда мобиль таълим муҳитини сунъий интеллект негизида такомиллаштириш” мавзусида илмий тадқиқот иши олиб бормоқда. Илмий фаолияти билан бир вақтда дарс жадвалини электронлаштириш, университетга виртуал сайр қилиш имкониятини тақдим этувчи дастурий таьминот ҳамда илмий изланувчиларнинг чораклик ҳисоботларини онлайн топширишга мўлжалланган мониторинг тизимини яратиш устида ишлаяпти.

Нурмуҳаммад ота-онасининг дуоларидан куч олади. Университетда ёшлар учун яратилган ижобий муҳит эса уни янги мақсадлар сари илҳомлантиради. Тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз келгусида юртимиз учун янада фойдали дастурлар яратиб, самарадорлик бўйича уларни дунё рейтингларида юқори поғоналарга олиб чиқишни мақсад қилган.

Ирода ТОШМАТОВА, “Янги Ўзбекистон” мухбири

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan